Хитой билан чиройли ўйин бўлади – Равшан Ҳайдаров
Спорт
−
16 Январь 5740 2 дақиқа
Эртага, 17 январь куни Ўзбекистон олимпия терма жамоаси Осиё кубогидаги чорак финалда доирасида Хитойга қарши майдонга чиқади. Ушбу ўйин олдидан ўтказилган матбуот анжуманида Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи Равшан Ҳайдаров ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
“Олдимизга қўйилган дастлабки вазифани бажариб, шу босқичга етиб келганимиздан хурсандмиз. Плей-оффга чиққан барча жамоаларни қутлаймиз. Эртага мақсадларимизга эришиш йўлидаги энг муҳим ўйин бўлиб ўтади. Тикланиш жараёнидан ўтиб, Хитойнинг ўйинларни таҳлил қилиб чиқдик. Ўйлайманки, жамоамиз ўйинга шай ҳолатда. Хитойни анчадан бери биламиз. Кўп мусобақаларда рўбарў келганмиз. Йилдан-йилга ривожланиш ва таркиб ўзгариши кузатилади. Уларда жамоа ўзининг энг яхши даврига келган ва етук авлод шаклланган. Хитойда мураббийлар штаби ҳам анчадан буён бирга ишлаб келади. Ҳурматга сазовор ва кучли жамоа. Уларнинг кучли ва заиф томонларини ўрганиб, йигитларга етказяпмиз. Эртага чиройли ўйин бўлади”, дейди Равшан Ҳайдаров.
Шунингдек, Равшан Ҳайдаров мусобақа учун U-21 жамоамизни танлаб олинганининг сабаби асосий урғу Олимпиада ёшидаги футболчиларга қаратилганлигини айтиб ўтди.
Ўзбекистон – Хитой олимпия терма жамоалар ўртасидаги учрашув эртага, 17 январь куни Тошкент вақти билан соат 16:30 бошланади.
Маълумот учун, Хитой олимпия терма жамоаси Осиё кубоги “Д” гуруҳида 2 та дуранг ва 1 та ғалаба қайд этган ҳолда 2‑ўрин билан чорак финалга йўлланмани қўлга киритди. Ўзбекистон олимпия терма жамоаси эса “C” гуруҳида 2 та ғалаба ва 1 та дуранг қайд этиб, 1‑ўрин билан мусобақанинг чорак финал босқичига йўл олди.
Ушбу жамоалар ўртасидаги баҳс ғолиби ярим финалда Вьетнам-Бирлашган Араб Амирликлари ғолиби билан тўқнаш келади.
Live
Барчаси