Хитой Ҳиндистон билан чегара ҳудудларда сирли иншоотлар қурмоқда
Олам
−
15 Январь 2022
10578Хитой ўзи ва Ҳиндистон билан чегарадош Бутаннинг баҳсли ҳудудларида сирли иншоотлар қурмоқда. Бу эса ўз навбатида унга чегарадош Ҳиндистоннинг асосли этирозларига сабаб бўлмоқда.
2017 йилда Хитой ўзига қарашли Тибет автоном вилояти ҳудудида 600 та аҳоли яшаш пунктларини қуриш режасини эълон қилганди.
Бундан асосий мақсад Ҳиндистон билан чегарадош ҳудудларда назоратни кучайтирилган тартибда қўлга олиш бўлгани айтилмоқда.
Хитой Доклам платосига томон йўл қура бошлаганидан сўнг, Ҳиндистон билан чегара муносабатлари жиддий тус олди. Олиб борилган музокаралар ортидан, иккала давлат ҳам чегара ҳудудидан қўшинларини олиб чиқиб кетган.
Аммо сўнгги пайтларда тарқалган маълумотларга қараганда, Хитой вазиятни яна жиддийлаштиришга уринмоқда. У Бутан билан чегара ҳудудларида қурилиш ишларини давом эттирмоқда.
АҚШнинг “HawkEye 360” маълумотларни таҳлил қилиш ташкилоти томонидан эълон қилинган Хитойдаги тасвирлар таҳлили баҳсли муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Ташкилот Хитойнинг Ҳиндистон билан чегарадош минтақасидаги олтита жойда қурилаётган 200 дан ортиқ шубҳали иншоот ва икки қаватли биноларни аниқлади.
Қайд этилишича, қурилиш ишлари 2020 йилда бошланган, аммо 2021 йилда содир бўлган Хитой ва Ҳиндистон ўртасидаги жиддий чегара низолари ортидан қурилишлар кўлами тезлашиб кетган.
“HawkEye 360”га кўра, аввалига қурилиш лойиҳаси катта иншоотларга мўлжалланган бўлган, лекин, сўнгги пайтларда қурилаётган бинолар анча иҳчам кўриниш олган. “HawkEye 360” ташкилоти раҳбари Крис Биггерснинг билдиришича, Хитой бу иншоотлардан қурол-яроғ ва ҳарбий аслаҳалар омбори сифатида фойдаланишни кўзлаган бўлиши мумкин.
Хабарларга муносабат билдирган Хитой Ташқи ишлар вазирлигининг таъкидлашича, олиб борилаётган қурилиш ишлари фақатгина маҳаллий аҳолининг яшаш шароитини яхшилашга қаратилган. Хитой бундан ҳеч қандай ҳарбий мақсадларни кўзламаган.
“Ўз ҳудуди бўйлаб ҳар қандай қурилиш ишларини олиб бориш бу Хитой суверен ҳуқуқи ҳисобланади”, дейилади Расмий Пекин берган баёнотда.
Шубҳалиси шундаки, “HawkEye 360” таҳлил қилган суратларда Хитой ҳукумати Бутаннинг нафақат аҳоли яшайдиган ҳудудларида балки кимсасиз ерларида ҳам қурилиш ишларини олиб бораётгани акс этган.
Хитой эса ўз ҳатти-ҳаракатларини аҳоли ҳаётини яхшилаш дея оқлашга уринмоқда.
Беҳруз Саидов
LiveБарчаси