Хавотирли вазият: АҚШ америкаликларни Беларусни зудлик билан тарк этишга чақирди
Олам
−
15 Февраль 2022
9610АҚШнинг Минскдаги элчихонаси америкаликларни Беларусни зудлик билан тарк этишга чақирди. Бу ҳақда АҚШ Давлат департаменти сайтида хабар берилган.
“Қонунларнинг ўзбошимчалик билан бажарилиши, ҳибсга олиш хавфи, Беларуснинг Украина билан чегараси бўйлаб Россия армиясининг ғайриоддий ва хавотирли тўпланиши, COVID-19 ва унга тегишли кириш чекловлари туфайли Беларусга кирманг. Беларусдаги АҚШ фуқаролари дарҳол тижорат ёки шахсий воситаларда мамлакатни тарк этиши керак”, дейилган хабарда.
Бундан ташқари, Давлат департаменти Молдова ҳудудига кирмасликни тавсия қилган ва АҚШ фуқароларини Днестрни зудлик билан тарк этишга чақирган.
Маълумот ўрнида, тобора таранглашиб бораётган Россия-Украина ўртасидаги геосиёсий вазият ортидан кўплаб Европа ва Осиё мамлакатлари ўз фуқароларига Украиани зудлик билан тарк этишни буюрмоқда.
Украина атрофидаги вазият кун сайин ўзгариб бормоқда. АҚШ ва Ғарб давлатлари Россияни босқинга тайёрланишда айблаб келяпти. АҚШ Президенти Байден шахсан ўзи Москва 16 февраль куни ҳужум бошлашини айтди. 30 дан ортиқ давлатлар фуқароларидан Украинага бормасликни сўрамоқда. АҚШ Киевдаги элчихонаси ходимларини эвакуация қилишни бошлаган.
Ўз навбатида, Москва Украинага бостириб киришга тайёргарлик кўраётгани ҳақидаги айбловларни рад этмоқда. Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Россия уруш ҳолатида эмаслигини ва Украина билан уруш қилиш ниятида эмаслигини айтмоқда. Вазир, шунингдек, АҚШ ва унинг иттифоқчиларини Россияга қарши “ташвиқот кампанияси” бошлаганликда айблаб, бундай ҳаракатлар Киевни мамлакат шарқидаги вазиятни ҳарбий йўл билан ҳал қилишга ундашидан огоҳлантирди.
LiveБарчаси