Халқимиз “қора ишчи” деган тамға билан юришга маҳкум – Федерация автомобиллар нархи ошишини қоралади
Жамият
−
10 Март 2020
17380“UzAuto Motors” компанияси автомобиллар нархини ошириши жамиятни яна бир бор жумбушга келтирди. Ижтимоий тармоқлар очиқдан очиқ ҳақоратлар ва эътирозлар билан тўлиб тошмоқда. Уларнинг аксарияти мамлакат монополияга очиқдан-очиқ шароит яратиб берганини айтмоқда.
Бугун “Адолат” социал-партиясидан Олий Мажлис Қонунчилик пататаси Мақсуд Қурбонбоев “UzAuto Motors” копманиясининг ушбу қарорини қоралаб чиққан эди. Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси ҳам нархларнинг ошишига жиддий эътироз билдирди. Унда шундай дейилади:
“Бугунги кунда истеъмолчилар автомашиналар нархлари кўтарилганидан норози. 1 ёки 2 фоизга эмас, бирданига 15-20 % га! Нима сабадан қайси омиллар туфайли, нега айнан харидоргир бўлган автомашиналарнинг нархи тушишни ўрнига кўтарилиб кетгани кўпчилик истеъмолчиларнинг норозилигага сабаб бўлмоқда. Aммо ваъдалар аксинча эди. Бу йил автомашина нархи тушиши кутилаётган эди. Бу иши билан “UzAuto Motors” истеъмолчилар устидан яна бир аҳмоқона “юриш қилди”. Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари Федерациясига 2019 йил давомида 100га яқин ранги ўчганидан тортиб, техник носозлигу ўз жойида турган, ҳеч қандай ташқи омилларсиз ўз-ўзидан ёниб кетган машиналар тўғрисида аризалар келиб тушган. Биз уставда белгиланган тизим орқали истеъмолчиларимизга кўмак кўрсатган бўлишимизга қарамасдан, муаммолар кўпайса кўпайдики, асло камаймади. “UzAuto Motors” монопол ташкилот ҳисобланар экан, бу каби муаммоларнинг адоғи бўлмаслиги аниқ.
Тўғри, халқимиз меҳнаткаш, орзу- ҳавас учун ҳам машина олиш иштиёқидан асло қайтмайди. Лекин, бу дегани исталганча, халқ билан ҳисоблашмасдан нархларни ошириш керак дегани эмас! Бу кетишда халқимиз анча пайт мусофир юртда “қора ишчи” деган тамға билан юришга маҳкум. Тўғрида, ўз давлатида қадр топмаган халқни ўзга юртда бошини силармиди?! Қачонгача ўзга юртда яратилган имкониятларга ҳавас қилиб юрамиз? Қачонки, “UzAuto Motors”дан ташқари яна рақобатдош заводлар иш бошласа, шундагина нархнинг тушишидан умид бор. Aкс ҳолда халққа нисбатан бундай беписанд ва таҳқирловчи кайфият ҳали-бери уларни тарк этмайди. Бу монополияга биргина мисол, холос. Aслида бу “мусаффо осмон” остида инсоният эҳтиёжига нимаики энг зарур ҳисобланса, барчаси монополия ҳукми остида. Истанг сафарга чиқинг “Ўзбекистон ҳаво йўлларига” икки баробар ошиқчасига ҳақ тўланг. (Биргина мисол : Ташкент-Истанбул билан Aлматы- Истанбул қатнов линияларини солиштирадиган бўлсак, бизда 1 миллион қимматига билет харид қилишингиз керак, аслида эса масофа 1000 км(10 соат) бизга яқин аммо биз “мусаффо осмон” остида учганимиз учун шунга яраша тўлаймиз). Истанг темир йўлларидан, истанг газ ёки свет, истанг маиший техникага мурожаат қилинг барчаси монополия ҳукми остида. Факт билан гапирадиган бўлсак, бизга тушган маиший техникалар билан боғлиқ барча шикоятлар “миллий бренд”имиз билан боғлиқ.
Гапимиз ниҳоясида истеъмолчиларимиздан шуни илтимос қилардикки, қўйилган баҳога кўниб кетаверманг. Юртбошимиз ҳам “Жамият- ислоҳотлар ташаббускори” деб бекорга айтмаган. Халқ манфаати ўйланмас экан, уни талаб қилиш ҳуқуқига тўлақонли ҳақлимиз. Халқдек қудратли куч бўлмайди”.
Эслатиб ўтамиз, “UzAuto Motors” компанияси маҳсулотлари нархини оширди. Компания сайтида янги нархлар кўрсатлиган прайс-лист эълон қилинди. Унга кўра, Damas ва Spark 21 фоизгача, Nexia, Cobalt ва Lacetti 15 фоизгача оширилган. Malibu 2, Tracker, Trailblazer, Equinox, Traverse ва Tahoe нархлари ўзгартиришсиз қолдирилган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь