“Камбағални туяни устида ҳам ит қопади” – депутат “UzAuto Motors” монополиясига қарши чиқяпти
Жамият
−
10 Март 2020
32664Маълумки, кеча, 10 март куни Ўзбекистондаги йирик монопол ширкат “UzAuto Motors” автомобиллари нархини оширди. Мазкур ҳолат жамиятда кўплаб норозиликларга сабаб бўлмоқда. Ҳолатга нисбатан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, “Адолат” СДП фракцияси аъзоси Мақсуд Қурбонбоев муносабат билдирди.
“Мамлакатдаги ягона енгил автомобил ишлаб чиқарувчи компания ҳисобланган “UzAuto Motors” бир қатор маҳсулотлари нархини тўсатдан оширди.
Бу халқимизнинг норозилигига сабаб бўлди. Қонунчилик палатаси депутати ва “Адолат” СДП фракцияси аъзоси сифатида ушбу ҳолатда халқимизнинг эътирозлари ўринли деб биламан”, деб гап бошлайди депутат.
У “UzAuto Motors” раҳбарияти олдига бешта масалани қўйиб, буларга жавоб кутаётганини таъкидлайди:
“UzAuto Motors” мутасаддилари қуйидаги масалалар бўйича ўз муносабатини билдиришидан умид қилиб қоламиз. Ҳар қалай депутатлар улар ишлаб чиқараётган машинанинг энг асосий ҳаридори ҳисобланган шу халқнинг вакиллари ҳисобланади.
Биринчидан, нега “UzAuto Motors” на сайтида, на бирор бир бошқа оммавий ахборот воситаларида нархлари ошганини расмий хабар ва тушунтириш тарзида маълум қилмаяпти? Худди айб иш қилаётгандек, сайтнинг ички қисмидаги нархнома ими-жимида янгилаб қўйиш, эълон қилишга кирмайди.
Иккинчидан, хўп нархлар ошишга ошибди. Бироқ нима сабабдан, умумий қилиб қайси омиллар туфайли ошганини истеъмолчи билишга ҳаққи борми ёки йўқми?
Учинчидан, нега айнан халқимиз орасида энг талабгир ҳамда “эконом” ҳисобланган Damas, Spark, Nexia, Cobalt ва Lacetti каби автомобиллар нархи оширилмоқда. Ойликка қараб қолмаган, нисбатан ўзига тўқлар ҳарид қиладиган Malibu 2, Tracker, Trailblazer, Equinox, Traverse ва Tahoe нархлари эса ўзгартиришсиз қолмоқда. Ёки бу “Камбағални туяни устида ҳам ит қопади” нақлининг амалдаги ифодасими?
Тўртинчидан, оширилган нархлар экспортга чиқарилаётган машиналарга таалуқлими? Ўзи нима учун “UzAuto Motors” ҳанузгача экспортга ички бозордан анча арзон нархда автомобил сотмоқда. Мисол учун бизда 30 000 минг АҚШ долларидаги Malibu 2, бошқа давлатларда икки баробар арзон нархларда сотилмоқда.
Бешинчидан, мамлакатимиз ички бозорида ҳамёнбоп автомобиллар сотуви бўйича бошқа давлатлар автомобиллари сотуви йилдан йилга ошиб бораётган бир шароитда маҳаллий ишлаб чиқарувчимизнинг нархларни ошириш тўғрисидаги қарори қайси бозор қонуниятларига тўғри келади?
Бу очиқдан-очиқ бозорни қолганларга бўшатиб қўйишга ҳаракатга ўхшаб кўринмаяптими? Ёки суъний равишда касотга (банкрот) учратиш назарада тутилганми, агар ундай бўлса 20 мингга яқин ишчилар, қоракўзларимиз тақдири нима бўлади?
Хуллас саволлар кўп, аммо ҳозирча жавоблар йўқ. Шу ўринда кўпчиликни бир мулоҳоза қизиқтираяпти. Дарҳақиқат, юқоридаги нархлари оширилган машиналар энг харидоргир ҳисобланади. Уларнинг сотиб олувчилари миқдори ҳам юқори.
Шу ўринда талабнинг юқорилигини инобатга олган ҳолда, улар нархини бироз арзонлаштириб, яна ҳам кўп машина сотувини йўлга қўйиш орқали фойдани кўпайтириш ҳам мумкин-ку. Ахир бу ҳам оддий бозор қонунияти-ку.
Нархлар нимага асосланиб оширилди, машиналар тан нархи қайси мезонлар асосида шакллантирилади каби кўплаб масалалар очиқ, ошкора бўлганида миллий автосаноатимизга бу қадар кўп эътирозларлар ёғилмас эди.
Умид қиламизки, “UzAuto Motors” мутасаддилари юқоридаги саволларга батафсил жавоб беришади ҳамда агар мақсадлари фойда кўриш бўлса, бундан кейинги фаолиятларини бозорнинг табиий қонуниятлари асосида йўлга қўйиш ҳаракатини бошлашади”.
Доимгидек, қилар ишни қилиб қўйган, монополоияни дастаклаш билан банд бўлган “UzAuto Motors” жим. Расмийлар мулоқотга киришгани йўқ. Саволлар жавобсиз қолишда давом этмоқда.
LiveБарчаси