UzAuto Motorsʼга янги директор тайинланди
Жамият
−
12 Июнь 11180 1 дақиқа
UzAuto Motors кузатув кенгашининг қарорига асосан компаниянинг бош директори лавозимига Янош Ковач тайинланди. Бу ҳақда акциядорлик жамиятининг Telegram-каналида хабар берилди.
Венгрияда туғилган Янош Ковач Будапешт Техника университетининг автомобилсозлик технологиялари бўйича муҳандислик мутахассислигини тамомлаган.
Ковач жаҳон автомобиль саноатининг топ-менежерларидан бири сифатида General Motors, Opel, GM Powertrain Uzbekistan, UzAuto Peugeot Citroën Automotive ва VinFast Automotive каби компанияларда муҳим раҳбарлик лавозимларида кўп йиллик тажрибага эга.
Ўзининг фаолияти давомида у сифатни бошқариш, ишлаб чиқариш жараёнларини оптималлаштириш ва автомобиль заводлари бошқаруви бўйича масъул бўлган.
Маълумот учун, у 2021 йилдан буён UzAuto Motors кузатув кенгаши аъзоси ва аудит қўмитаси аъзоси сифатида фаолият юритиб келаётган эди.
Эслатиб ўтамиз, уч йилдан ортиқ вақт давомида UzAuto Motors компаниясини бошқарган Бо Андерссон 2024 йилнинг декабрь ойида ўз фаолиятини якунлаганди. Андерссондан сўнг Одилжон Бастамқулов UzAuto Motors бош директори вазифасини вақтинча бажарувчи этиб тайинланганди.