Халқ артисти Малика Аҳмедованинг 680 минг долларлик мулки ўғирлангани бўйича 4 киши судланмоқда
3-саҳифа
−
30 Июль 2023
47081Аввалроқ Ўзбекистон халқ артисти Малика Аҳмедова ўзининг 600 минг долларлик мол-мулки ўғирлангани, аммо ҳолат юзасидан ўтказилаётган тергов ҳаракатларидан норози эканини билдириб, видеомурожаатини эълон қилганди. Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан 4 нафар шахс судланаётгани маълум бўлди. Бу ҳақда Олий суд матбуот котиби Азиз Обидов QALAMPIR.UZ'га хабар берди.
Жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман судининг иш юритувига жорий йилнинг 7 июль куни фуқаро Р.С. ва И.Ф.ни Жиноят кодексининг 169-моддаси 4-қисми “а” банди билан ҳамда Н.М. ва Х.О.ни шу кодекснинг 171-моддаси 3-қисми “а” банди билан айблаш ҳақида жиноят иши келиб тушган. Мазкур жиноят ишини суд мажлисида кўриш 21 июлга тайинланган.
Судланувчи Р.С., И.Ф., Н.М. ва Х.О.ларга нисбатан “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланилган.
Иш ҳужжатларига кўра, Р.С. таниш бўлган И.Ф. ва тергов даврида шахсини аниқлашнинг имконияти бўлмаган номаълум шахслар билан бирга олдиндан жиноий тил бириктириб, ўзганинг мулкини яширин равишда қўлга киритишни ўйлаб, жиноий режа тузган. Улар Тошкент шаҳрининг марказий туманларида жойлашган уйларни кузатган. Гумонланувчилар моддий қийматга эга бўлган нарса ва буюмларни талон-торож қилиш учун 2022 йилнинг 28 декабрь куни маст ҳолатда Мирзо Улуғбек туман, Бўзбозор кўчасида жойлашган фуқаро Х.Аҳмедовага (актрисанинг қизи) тегишли 52-уйга ғайриқонуний равишда кирган.
Шундан сўнг, улар хонадонда сақланиб келинаётган жами қиймати 681 895 АҚШ (тахминан 7,8 миллиард сўм) долларлик буюмларни жиноят содир этган жойдан яшириниб, қўлга киритган. Қимматбаҳо тақинчоқларни унга аввалдан таниш бўлган фуқаро Н.М.га барча нарсалар ўзига тегишлилигини айтиб, 250 минг доллар эвазига сотиб юборган. Кейинчалик пул маблағларидан минг АҚШ долларини таниши И.Ф.га қарз тариқасида бериб, қолган барча пул маблағларини шахсий эҳтиёжларига сарфлаб юборган.
Ҳозирги вақтда мазкур жиноят иши суд тергови босқичида бўлиб, 2023 йил 1 августга қадар танаффус эълон қилинган.