Халқаро жанжал: Канада Ҳиндистонни сиёсий қотилликда айблади
Олам
−
19 Сентябрь 2023
6789Канада расмийлари Ҳиндистон разведка хизматларини шов-шувли сиёсий қотилликда иштирок этганини даъво қилмоқда. Нью-Деҳли эса бу айбловларни рад этиб, уларни абсурд деб атади. Бу ҳақда бугун, 19 сентябрь куни “The Guardian” нашри хабар берди.
Канада Бош вазири Жастин Трюдо Ҳиндистон разведка хизматлари Канада сикхлари жамияти етакчиси Ҳардип Сингҳ Нижжарнинг шов-шувли ўлдирилишида иштирок этганини айтди. Парламентда сўзлаган нутқида у Канада расмийларида Ҳиндистоннинг жиноятга алоқадорлиги ҳақида "ишончли далиллар" борлигини билдирган ва қотилликни Канада суверенитетига "қабул қилиб бўлмайдиган ҳужум" деб атаган. Канада Ташқи ишлар вазири Мелани Жоли ҳам ушбу воқеадан кейин ҳинд дипломатларидан бири мамлакатдан чиқариб юборилганини маълум қилди.
Шунингдек, вазир Жоли шу ҳафта Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси учун Нью-Йоркка борганидан сўнг, иттифоқчилари билан учрашувлар чоғида Ҳиндистоннинг ҳаракатларини муҳокама қилишни режалаштираётганини айтган.
Бундан ташқари, Канада суди чет эл ҳукуматлари аралашуви бўйича жамоатчилик текширувини бошлаган. Маълумотларга кўра, Нижжар ўз ҳаётига таҳдидлар ҳақида Канада разведка агентлиги, Жаҳон сикх ташкилотига хабар берган.
"Агар айбловлар рост бўлса, бу Канада суверенитетига нисбатан шафқатсиз ҳақоратдир. Фуқароларимиз ҳар қандай судсиз қотилликдан, айниқса, хорижий ҳукуматлар қўлидан ҳимояланган бўлиши керак", дейди Консерватив партия раҳбари Пьер Пуалиевр.
Ўз навбарида, Ҳиндистон расмийлари бу айбловларни кескин рад этиб, уларни абсурд деб атади. Дипломатик можаро икки давлат ўртасидаги муносабатларни анча мураккаблаштириши мумкин.
Маълумот учун, сикхлар нисбатан кичик диний гуруҳ бўлиб, уларнинг дунё бўйлаб тахминан 25 миллион тарафдори бор. Уларнинг аксарияти Ҳиндистонда яшайди. Жорий йилнинг июнь ойида отиб ўлдирилган Ҳардип Сингҳ Нижжар эса сикхларнинг Канададаги етакчиларидан бири эди. Нижжар “Халистон” деб аталувчи мустақиллик ҳаракатини ва Ҳиндистонда алоҳида сикх давлати ташкил этилишини очиқ қўллаб-қувватлаган.
LiveБарчаси