Хафизуллоҳ Турғунбоевнинг вафоти юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ ўз талқинини эълон қилди
Таҳлил
−
06 Июнь 2023
21876Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси (ИИББ) 29 май куни вафот этган 21 ёшли Хафизуллоҳ Турғунбоевнинг жамоатчилик узоқ кутган ўлим тафсилотлари видеосини эълон қилди. Қизиғи шундаки, Чилонзор туман ИИБ биноси 4-қаватидан ўзини ташлаб оғир жароҳатлангани айтилаётган, бир ҳафтадан сўнг эса шифохонада вафот этган йигитнинг ўлими юзасидан “журналистик суриштирув”ни Тошкент шаҳар ИИББ ходимининг ўзи ўтказган.
Эълон қилинган видеода 22 май куни Чилонзор туманидаги ЙПХ масканида хизмат олиб бораётган инспекторлар томонидан Gentra русумли автотранспорт воситаси тўхтатилган. Ҳайдовчининг ҳужжатларини текшираётган ЙПХ инспектори автомашинада йўловчи сифатида кетаётган Ҳафизуллоҳ Турғунбоевдан шубҳаланади. Шундан сўнг у билан хизмат қилаётган ходимлар автомашинани ва ундаги жами уч кишини ҳолислар иштирокида текширади. Текширув оқибатида Ҳафизуллоҳ Турғунбоевнинг чўнтагидан полиэтилен целлофанда жигарранг, ўткир ҳидли, 53,52 гм гашиш гиёҳванд моддаси топилган.
Чилонзор тумани ИИО ФМБга олиб борилган Ҳафизуллоҳнинг давлат адвокати билан қисқа муддатли суҳбати “журналистик суриштирув” кадрларида акс этган. Бироқ воқеанинг қолган қисмида, унинг тергов қилиниш жараёни, ҳожатхонага киришни сўраган ва бино залида ҳаракатлангани тасвирлари кўрсатилмаган.
Шунингдек, видеода Ҳафизуллоҳнинг шерикларидан бири бўлган, воқеа гувоҳининг тергов жараёнларида ҳеч қандай қийноқ бўлмагани ҳақидаги интервьюси қистириб ўтилган.
“Ўша куни мен унга овқат олиб келиб, кейин кетдим. Эртаси куни эса унга қўнғироқ қилиб, нима кераклигини сўрадим. У эса овқат ва бошқа егуликлар олиб келишимни сўради. Тезкор ходимлар келишимни сўраганидан сўнг, Ҳафизуллоҳга овқат олиб Чилонзир туман ИИО ФМБга бордим. Мен ҳам икки кун идорада эдим. Куч ишлатиш, уриш ҳаракатлари бўлмади. Лекин мен сўроқ қилинаётган пайтимда ташқарида бақир-чақир бўлиб кетди. Кейин билсам, Ҳафизуллоҳ ўзини ташлаган экан. Пастда ҳамма йиғилиб турган экан, мен ҳам бордим. Ҳаммада ҳар хил гап юрибди. Мен Худодан қўрққаним учун эркакча айтаман, ҳақиқатдан ҳам унинг ёнидан гиёҳванд модда чиқди, унга ҳеч ким куч ишлатмади, урмади”, деган “гувоҳ”.
Шу жойига диққат қилинг. Гувоҳ Ҳафизуллоҳ қўлга олинганидан бир кун кейин яъни эртасига ўзини 4-қаватдан ташлаганини айтмоқда. Аммо 29 май куни Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Шохрух Ғиёсов Ҳафизуллоҳнинг қўлга олинган кунининг ўзида ҳожатхона деразасидан сакраганини ёзиб чиққан эди.
Хўш, ким алдаяпти бу ерда – гувоҳми ёки Шоҳрух Ғиёсов?
“Журналистик суриштирув” ўтказаётган ИИББ ходими Ҳафизуллоҳ ўзини ташлаган ҳожатхона деразасини очиб, у ердан ўзини ташлаш учун барча шарт-шароит яратилганини кўз-кўз қилган.
“Мана, ўзингиз кўриб турибсиз, бу ҳожатхона. Унинг деразасидан Ҳафизуллоҳ пастга сакраган. Мана, кўриб турганингиздек, дераза очилади”, деган у.
Шундан сўнг, йигитнинг 4-қаватдан ўзини ташлагани ҳақидаги тафсилотлар профилактика инспекторлари томонидан сўзлаб берилган. Бироқ, тасвирларда йигитнинг ўзини ташлагани аниқ кўрсатилмаган.
Шундан кейин Ҳафизуллоҳ видеода бирор маротаба кўрсатилмаган. Бош прокуратура томонидан эълон қилинган мавзуга оид видеоёзувларда ҳам кадр бурчагидан қора жисм ўтиб кетгани, унинг одам танаси ё йўқлиги билинмаганини кўриш мумкин. Видеода ўлим тафсилотлари ҳақида гапирган, юзи ва шахси очиқланмаган ИИО ходими унинг пластмассадан ясалган кишан билан Чилонзор туман ИИОга олиб келинганини айтган. Аммо QALAMPIR.UZ’га етиб келган видеолардан бирида Ҳафизуллоҳнинг қўлида хомталаш қизаришни кўриш мумкин.
Тошкент шаҳар ИИББ ҳамда Бош прокуратура эълон қилган видеотасвирларнинг бирортасида ҳам йигитнинг ерда ётган, шифохонага олиб борилаётган ва ундан кейинги жараёнлар акс этган кадрлар кўрсатилмаган.
Лекин беморни қабул қилган шифокор ҳам шифохонага олиб келинган беморнинг ИИБ ходимлари томонидан калтакланиш оқибатида вафот этмагани ҳақида гапиртирилган.
“Бемор олиб келинганда унинг умумий аҳволи ўта оғир, ҳуши кома 2,3 даражасида, артериал қон босими 70/40 мм, пулси 170 атрофида эди. У зудлик билан ҳаётий кўрсатмалар асосида трахея инкубацияси қилинди. Нейрохирург тавсиясига кўра, бош миясига гематома мавжудлиги сабабли операция қилинди. Аммо операциядан кейин ҳам аҳволи ёмонлиги сабабли 29 май куни тонгги соат 7:00 атрофида вафот этди”, деган шифокор Шарифжон Эшпўлатов.
Ҳафизуллоҳ Турғунбоевнинг ўлим маълумотномасида эса у бош мия ёпиқ жароҳати, бош мия лат ейиши, бош суягини синиши, тана аъзоларининг гематомаси ташхиси билан вафот этгани ёзилган.
Шунингдек, шифокор Ҳафизуллоҳнинг оила азолари шу пайтгача у билан учрашмаганини ҳам айтиб ўтган.
"Беморни мен қабул қилганман, расмий равишда фақат сизларга интервью беряпман.Яқинлари тўғрисида бизда маълумотлар йўқ. унинг қаердан эканига фақат ИИО ходимлари томонидан аниқлик киритилган", деган шифокор ИИББга берган интервьюсида.
Лекин Ҳофизуллоҳ Турғунбоевнинг QALAMPIR.UZ билан боғланган қариндошлари улар шифохонага боргани, лекин беморни қабул қилган шифокор сифатида бутунлай бошқа шифокор кўрсатилгани, у беморда йиқилиш аломатлари йўқ эканини айтган.
“Биз бу шифокор билан учрашмаганмиз, бошқа шифокор билан гаплашганмиз. У Ҳафизуллоҳнинг яқинларидан унинг овозини ёзиб олмасликларини сўради ва беморнинг олиб келингандаги ҳолатини айтиб берди. Айтишича, шифохонага олиб келинганда Ҳафизуллоҳда 4-қаватдан йиқилиш аломатлари бўлмаган. Қовурғалари, оёқ-қўллари бутун бўлганини айтди. Лекин Ҳафизуллоҳнинг оёқлари ва кўзлари кўкариб кетгани, қўллари нима биландир қаттиқ қисилиб, қавариб кетгани ҳақида гапирди. Аниқ фикрини сўраганимда эса, унда йиқилиш аломатлари бўлмаганини қайта такрорлади”, деди Ҳафизуллоҳнинг қариндоши.
Аммо ўша куни беморни қабул қилган ёрдамчи шифокорлардан бири ҳам Ҳафизуллоҳ олиб келинганида унинг ичи эзилиб кетгани, шу боиз унинг ичи бир неча маротаба ювилганини ёзган эди.
Қолаверса, Тошкент шаҳар ИИББ кеча эълон қилган далилларини шу пайтгача марҳумнинг оила азоларига кўрсатмаган. Кўрсатиш сўралганда эса масъуллар бунинг “тергов сири” экани билан қаршилик кўрсатган.
“Улар бизга, ҳатто, унинг қўлга олингандаги видеоларини ҳам кўрсатмаган. Кўрсатинглар, деганимизда эса бу тергов сири эканини айтишди”, деди у.
Хуллас, Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси эълон қилган ведеорепортаж янги саволларнинг болалашина сабаб бўлди. Айрим маълумотлар бир-бирига тўғри келмаяпти. Тармоқ фаоллари, хусусан, журналист Аброр Зоҳидов агар ИИБ истаган одам деразадан сакраб қочиб кетаверадиган ташкилот бўлса, уни ёпиб қўявериш керак, деган фикрда.
Бундан ташқари Ҳафизуллоҳнинг яқинлари агар у ҳақиқатдан ҳам ўзини 4-қаватдан ташлаган бўлган тақдирда ҳам, унинг соғлиги учун ИИО ходимлари жавобгар бўлгани, аммо улар ўз вазифасигни бажара олмагани учун ҳам жавобгарликка тортилишлари кераклигини айтмоқда.
“Ҳақиқатдан ҳам Ҳафизуллоҳ ўзини 4-қаватдан ташлаб юборган тақдирда ҳам, улар жавоб бериши керак. Чунки улар ўша боланинг хавфсизлигини таъминлаши керак эди. Жиноятда гумонланаётган шахсни нима учун 4-қаватдаги ходимлар учун мўлжалланган ҳожатхонага киритади? Нима учун гумонланувчиларга мўлжалланган ҳожатхонага олиб бормади? ” демоқда марҳумнинг яқини.
QALAMPIR.UZ воқеалар ривожини кузатиб боради ва мавзуга оид ҳар қандай хабарни сизга албатта етказади.
LiveБарчаси