Дуров Telegram'даги узилишлар сабабини айтди
Технология
−
24 Февраль 2022 8753 2 дақиқа
Россиянинг Украина шарқига қўшин киритиши ортидан ахборот алмашинувининг кўпайиши сабаб Telegram'нинг Европа кластери мисли кўрилмаган юкламага дуч келди. Бу ҳақда Telegram асосчиси Павел Дуров маълум қилди.
“Бугунги воқеалар сабаб Telegram’нинг Европа кластери мисли кўрилмаган юкламага дуч келди. Натижада, айрим фойдаланувчилар Telegram’нинг бир қатор хизматларида вақти-вақти билан қисқа муддатли узилишларга дуч келишлари мумкин. Биз бугунги кунда одамларга ўз яқинлари билан ишончли мулоқотга ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ эҳтиёж борлигини тушунамиз ва хабарларни жўнатиш ва қабул қилиш тезлигини юқори даражада ушлаб туриш учун қўлимиздан келганини қиламиз”, дейди Дуров.
Эслатиб ўтамиз, Россия Украинага ҳужумга ўтганидан кейин Telegram фаолиятида кенг кўламли узилишлар кузатилмоқда. Маълум вақт мобайнида серверлар фаолияти ҳам секинлашди.
Аввалроқ, Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари махсус ҳарбий операция бошлаганини эълон қилганди. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Ўзбекистоннинг Киевдаги элчихонаси ҳарбий ҳаракатлар бошланиши ортидан мурожаат билан чиқди. Унга кўра, дипломатик идора томонидан эвакуация режаси ва Украина ҳудудини тарк этишни хоҳловчи фуқаролар рўйхати ишлаб чиқилмоқда. Шунингдек, элчихона Украинада таълим олаётган ўзбекистонлик талабаларга ўқишни ўз Ватанларида масофавий шаклда давом эттириш имкониятларини кўриб чиқишни тавсия қилди.
Live
Барчаси