Кембриж университетида қадимий портрет Фаластинга озодлик чақириғи фонида йўқ қилинди (видео)
Олам
−
09 Март
6304Кеча, 8 март куни Буюк Британияда Ғазода бўлаётган геноцидга нисбатан норозилик чиқиши сифатида ёш қиз Кембриж университетидаги мамлакатнинг собиқ бош вазири лорд Артур Жеймс Бальфур тасвирланган қадимий портретга бўёқ сепиб, уни йиртиб ташлади. Бу ҳақда "Daily Mail" хабар берди.
Вандализм учун масъулиятни ўз зиммасига олган “Фаластин ҳаракати” номли фаоллар гуруҳи шу йўл билан Фаластин халқининг бегуноҳ ўлдирилаётганига одамларнинг эътиборини қаратмоқчи бўлганини ва Фаластиндаги геноцид Британия ҳукумати томонидан илдиз отган ва қўллаб-қувватланганини айтган. Полиция воқеа ҳақида ижтимоий тармоқлардан хабар топган. Асарни йўқ қилган фаол ҳали топилмаган.
“1917 йилда қабул қилинган "Бальфур декларацияси" Фаластин халқини этник тозалаш, уларнинг ерларини тортиб олишни ваъда қилиш орқали бошланди. Инглизлар бундай қарор қабул қилишга ҳеч қачон ҳақли эмас эди”, дейилади фаоллар гуруҳининг берган баёнотида.
Маълумот учун, портрет 1914 йилда венгриялик рассом Филипп Алексиус де Ласло томонидан чизилган. Портретда тасвирланган инглиз мулозими Жеймс Бальфур 1917 йилда Фаластин ҳудудида Исроил давлатини қуриш масаласини кўтарган декларацияни имзолаган. Шу сабабдан декларация "Бальфур декларацияси" номини олган. "Бальфур декларацияси" 1917 йилда Биринчи жаҳон уруши пайтида Британия ҳукумати томонидан чиқарилган оммавий баёнот бўлиб, у ўша пайтдаги Усмонлилар ҳудуди бўлган Фаластинда яҳудий халқи учун миллий давлат барпо этишни қўллаб-қувватлашини эълон қилган.
Таъкидлаш жоизки, сўнгги пайтларда норозилик белгиси ўлароқ санъат асарларига зиён етказиш ва уларни йўқ қилиш Европада кенг тус олмоқда.
Эслатиб ўтамиз, январь ойи охирларида Франция пойтахти Париждаги Лувр музейида экофаоллар атроф-муҳит ва озиқ-овқат манбаларини ҳимоя қилиш зарурлигини таъкидлаб, машҳур рассом Леонардо Да Винчининг дурдона асари “Мона Лиза” (Жоконда) картинасига, 10 февраль куни эса Лион тасвирий санъат музейида француз импрессионист рассоми Клод Моненинг “Баҳор” (1872) картинасига шўрва улоқтиришган эди.
LiveБарчаси