Исроил армияси Рафаҳга қўшимча бўлинмалар юборди
Олам
−
16 Май
3359Геноцидда айбланган Исроил армияси блокададаги Ғазо сектори жанубидаги Рафаҳ шаҳрига қўшимча бўлинмаларни юборди. Бу ҳақда “The Times of Israel” нашри хабар берди.
Қайд этилишича, махсус кучлар отряди Рафаҳ шарқида жойлашган 162-дивизияга қўшилади. Нашр Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху ҳукумати Рафаҳга “қуруқлик ҳужумини кенгайтириш”ни маъқуллаганидан кейин қарор қабул қилинганига эътибор қаратди.
Маълумот учун, 6 май куни Исроил армияси Рафаҳнинг юзлаб кўчирилган фаластинликлар бошпана топган бир қатор шарқий маҳаллаларини эвакуация қилишни талаб қилган. 7 май куни Исроил армияси Рафаҳга қуруқликдан ҳужум бошлади ва Миср билан чегарадаги худди шу номдаги назорат-ўтказиш пунктининг Фаластин қисми устидан назорат ўрнатган.
Қайд этиш жоизки, Исроил кўплаб мамлакатларда салбий муносабатига қарамай, Ғазо сектори жанубидаги Рафаҳ шаҳрида ҳарбий амалиёт ўтказмоқда. АҚШ Президенти Жо Байден Исроил бу шаҳарда кенг кўламли ҳарбий амалиёт бошласа, Америка ҳарбий ёрдамини тўхтатиш билан таҳдид қилди. БМТ ҳисоб-китобларига кўра, Рафаҳда Ғазо секторидаги жанглардан қочган бир миллиондан ортиқ тинч аҳоли истиқомат қилади ва агар кенг кўламли жанглар бўлса, уларнинг ҳаёти хавф остида қолади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху исроилликлар керак бўлса якка ўзи жанг қилишга тайёрлигини билдирганди. Исроил ҳарбий Вазирлар Маҳкамаси эса 9 май оқшомида Рафаҳ шаҳридаги амалиётни кенгайтиришга қарор қилди. АҚШ Давлат департаменти Исроил Ғазо секторида Америка қуролларини қўллаш орқали халқаро қонунларни бузган бўлиши мумкин эканини айтди.
LiveБарчаси