Келажак ғами: Путин собиқ Президентлар дахлсизлиги учун муҳим қонунни имзолади

Олам

image

Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин собиқ давлат раҳбарларининг дахлсизлиги кафолатини кенгайтириш тўғрисидаги қонунни имзолади. Тегишли ҳужжат ҳуқуқий ахборот расмий порталида эълон қилинган.

Унда айтилишича, собиқ Президент ҳибсга олинмайди, қамалмайди, тинтув қилинмайди, сўроқ ёки шахсий текширувга тортилмайди. Дахлсизлик мақоми унинг уйи, хизмат жойи, шунингдек, транспорт воситаси, алоқа воситаси, ҳужжатлари, ёзишма ва юкларига ҳам тааллуқли.

Давлат Думаси собиқ Президентни давлатга хиёнат қилишда ёки Олий ва Конституциявий суд томонидан тасдиқланган бошқа оғир жиноятни содир этганликда айблаган тақдирда Федерациялар Кенгаши уни дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум этиши мумкин. Бунда ҳам Думанинг айблов қарори ва Федерациялар Кенгашининг дахлсизликни бекор қилиш қарорини учдан икки қисм овоз берувчи маъқуллаши керак.

Қонунга кўра, ваколатлари янги қонун кучга киргунга қадар тугатилган давлат раҳбари исталган вақтда Федерация Кенгашига ариза билан мурожаат қилиши мумкин. Агар Президентнинг ваколатлари ҳужжат имзоланганидан кейин тугаган бўлса, у 3 ой ичида сенатор мақомини олиши мумкин.

Собиқ Президент умрбод сенатор бўлмоқчилиги тўғрисида ёзма равишда хабардор қилиши лозим. Федерация Кенгашида умрбод қолиш ҳуқуқидан фақат бир марта фойдаланиш мумкин. Собиқ Президент умрбод сенатор бўлиш ҳуқуқидан воз кечиши ҳам мумкин.

Шунингдек, янги ҳужжат Президентга 30 нафар сенаторни тайинлаш ҳуқуқини беради, улардан етти нафари давлат ва жамоат фаолияти соҳасида улкан ютуқларга эга бўлса, умрбод аъзолик олишлари мумкин.


Мақола муаллифи

Теглар

Владимир Путин дахлсизлик

Баҳолаганлар

374

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг