Костюм-шим кийган ободонлаштириш ходимлари ёхуд Олмазорда мажбурий меҳнат анъанага айландими? Норбоева қаердасиз?
Жамият
−
21 Апрель 2022
12878Сенат ҳамда Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш Миллий комиссияси раиси раиси Танзила Норбоева ёки бошқа амалдорлар “Ўзбекистонда мажбурий меҳнат тарихда қолди”, деб қанча бонг урмасин, жойларда, нафақат чекка ҳудудларда, балки пойтахт Тошкентда у яна куртак ёзмоқда. 5 йиллик ислоҳотлар кейинги беш йилликда тарихга айланмоқда. Вазият шу тахлит кетса, биз яна пахта далаларида ўқитувчилар ва болаларни кўришдан қўрқамиз.
Гап шундаки, 20 апрель куни QALAMPIR.UZ таҳририятига Тошкент шаҳрининг Олмазор тумани, Қора-қамиш 2/4 даҳасида Жамоат хавфсизлиги университети талабалари яна мажбурий меҳнатга жалб қилинаётгани ҳақида мурожаат келиб тушди. Бу сафар мурожаатни университет талабаларининг ўзи, қўлида супурги ва белкурак кўтарган йигитлар йўллади. Улар биздан имкон борича тезроқ етиб келишимизни сўради. QALAMPIR.UZ ижодий жамоаси воқеани холис ўрганиш мақсадида айтилган жойга етиб борди.
Ижодий жамоамиз ҳудудга борганда, оқ кўйлак, қора шим (форма) кийган бир гуруҳ йигитлар қўлларида челак, “лопатка” кўтариб ишлашаётганига гувоҳ бўлди. Йигитларга бош-қош бўлган, ўзини таништиришни истамаган шахс, ишлаётганлар талаба эмас, балки Олмазор туман ҳокимлигидан жалб қилинган ободонлаштириш ходимлари эканига ишонтирмоқчи бўлди.
Биринчи ёлғони иккинчисига тўғри келмаётган ишбошига кўра, ишлаётган йигитлар “замонавий ободонлаштириш ходимлари”. Улар айнан оқ кўйлак, қора шимда меҳнат қилади. У билан суҳбатимиз қуйидагича бўлди:
Ходим: — Мақсад нима?
Журналист: — Бизга талабалар мажбурий меҳнатга жалб қилинаётгани ҳақида хабар беришгани учун келдик.
Ходим: — Улар талаба эмас.
Журналист: — Ким?
Ходим: — Ҳокимиятдан келишган.
Журналист: — Ўзингизни таништира оласизми?
Ходим: — Йўқ.
Журналист: — Нега?
Ходим: (узоқ сукут)
Журналист: — Сиз Олмазор ҳокимиятиданмисиз? Ҳокимиятдагиларни оқ кўйлак, қора шимда олиб чиқиб, ишлатишадими?
Ходим: —Биз ободонлаштиришдан келганмиз.
Журналист: — Ободонлаштиришнинг ўз формаси бор-ку.
Ходим: — Сиз юртингиз учун, манфаат учун бирор нарса қилишни хоҳлайсизми?
Журналист: — Мен айнан мамлакат манфаати учун қиляпман бу ишни.
Ходим: — Биз нима иш қиляпмиз?
Журналист: — Сиз мажбурий меҳнатга жалб қиляпсиз.
Минг афсуски, бугун давлат бошқарув органларининг каттаю кичик бўғинларида ҳамон ноқонуний хатти-ҳаракатлари ва мажбурий меҳнатга жалб қилиш каби феодаллардек муносабатни давлатнинг ривожи ва манфаати йўлидаги саъй-ҳаракат деб оқлайдиганлар талайгина. Демак, ўрганган кўнгил ўртанса қўймабдими, демак 5 йилдаги баландпарвоз гапларимиз амалимизга тўғри келмабдими, демак ислоҳотларда бу тахлит ортга қайтиш бошланибдию бу ҳақда қайта-қайта бонг урилса ҳам ҳеч ким пинагини бузмаяптими, аҳволимиз войлиги шу.
Ёдингизда бўлса бундан икки ҳафта аввал Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Тошкентнинг Олмазор тумани Форобий кўчасида жойлашган маҳаллалардан бирига келди. Президент ташрифи олдидан ушбу ҳудудда иш қизғин эди. Туман ҳокими бошчилигида Жамоат хавфсизлиги университети талабалари мажбурий меҳнатга жалб қилинди. Бу ҳақда QALAMPIR.UZ тезкор хабар берганига қарамай, ҳеч қандай чора кўрилмади. Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш Миллий комиссияси раиси Танзила Норбоева ёки унинг жамоаси ҳам мажбурий меҳнат факти бўйича миқ этгани йўқ. Ё опанинг иши кўп, ё ҳолатларга кўз юмишга мажбур.
Жамоат хавфсизлиги университети эса Олмазор тумани ҳокимлиги ва университет ўртасида ҳамкорлик йўлга қўйилгани ҳақида мужмал баёнот бериб, ободонлаштириш ишларида қатнашганлар кўнгилли ишчилар эканини урғулади. Масаланинг аҳамиятли жиҳати шундаки, университет Тошкент вилояти Зангиота туманида жойлашган. Форобий кўчасида ободонлаштиришга жалб қилинганлар эса ёш йигитлар. Хўш, улар талаба бўлмай ким? Қолаверса, қачондан Тошкент вилоятидаги университет талабалари шаҳардаги туманга келиб кўнгилли бўлиб ободонлаштиришда қатнашадиган бўлди? Ё Тошкент вилоятида ободонлаштиришга жой қолмадими? Текин ҳаммол кимга керакмас?!
Кеча Олмазорнинг бир бурчаги — Қора қамишга қўлида челак, супурги ва белкурак кўтариб келган йигитлар билан суҳбатлашарканмиз, уларнинг айримлари талаба эканини тан олди, кимдир Жамоат хавсизлиги университетида ўқишини айтса, яна кимдир Миллий университет, бошқаси эса ТАТУ талабаси эканини ҳақида ғўлдиради. Воқеа жойига бориб, видеога олишни бошлашимиз билан талабалар сумкаларини олиб, тумтарақай қочдию ортига қараб миннатдорчилик ўрнида журналистга қараб “яхшилик қилдингиз”, дейиш билан чекланди. Ҳа, биз ана шундай, одамлар ўз ҳуқуқларини талаб қилишга қўрқиб, доим уни бошқаси ҳимоя қилишга муҳтож бўлган жамиятда яшаймиз.
Энг ачинарлиси, талаба ўз ихтиёри билан мажбурий меҳнатга жалб қилинганини айтиб, ҳуқуқини талаб қила олмаслигида. Эртага эса улар ҳуқуқ-тартибот органи ходими бўлиб етишади. Ўз ҳуқуқлари топталиб, поймол қилинган, уни талаб қила олмаганлар бошқаларнинг ҳуқуқи учун қанчалик курашиши катта сўроқ остида қолиши аниқ. Бугун чеккан аламлари, бўғзида қолган ҳақиқатлари эртага нафрат бўлиб улғайишидан қўрқасан киши.
Хўш, талабаларни дарс вақтида чиқиб ишлашларига ким мажбур қиляпти? Олмазор туман ҳокимлигими? Университетми? Агар қайсидир маҳаллани обод қилиш керак бўлса, ободонлаштириш ходимлари бор. Улар кам бўлса бозорда машина тўхташини кутиб турган меҳнаткашлар.
LiveБарчаси