Қозоғистон Каспийдаги фожиадан кейин ҳарбий соҳадаги камчиликларни тан олди

Олам

−

image

Қозоғистон Мудофаа вазирлигида ўтказилган комплекс текширув давомида ҳарбий машғулотларни ташкил этиш ва хавфсизликни таъминлаш билан боғлиқ тизимли камчиликлар аниқланди. Бу ҳақда мамлакат Бош вазири Олжас Бектенов депутат сўровига жавобида маълум қилди.

Бектеновнинг таъкидлашича, Каспий денгизида юз берган фожиа ҳарбий машғулотларни режалаштириш, уларнинг боришини назорат қилиш ва фавқулодда вазиятларга тайёргарлик борасидаги муаммоларни кўрсатган.

Мудофаа вазирлигида ўтказилган комплекс текширув натижаларига кўра, машғулотлар жараёнини назорат қилиш, эҳтимолий хавф-хатарларни баҳолаш ҳамда вазият ўзгарганда тезкор чора кўришга тайёргарлик борасида камчиликлар аниқланди.

“Хусусан, хавфли омилларга етарлича эътибор қаратилмаган, хавфсизлик талабларига риоя этилиши ва машғулотларнинг хавфли босқичларини ўз вақтида тўхтатиш бўйича тегишли назорат таъминланмаган”, дейилади Бош вазир жавобида.

Шу билан бирга, Бектенов Қозоғистон Қуролли кучларида ҳаводан кузатув олиб бориш учун учувчисиз тизимлардан фойдаланилаётганини билдирган. Айрим куч тузилмалари бўлинмаларида эса ҳарбий хизматчиларнинг жойлашуви ва физиологик ҳолатини кузатиш имконини берувчи шахсий қурилмалар қўлланилмоқда.

Бундан ташқари, куч тузилмалари Қозоғистон гидрометеорология хизмати билан ҳамкорликни йўлга қўйган. Улар об-ҳаводаги ўзгаришлар ва бўрон ҳақидаги огоҳлантиришларни мунтазам олиб туради.

Бош вазирнинг маълум қилишича, давлат раҳбари топшириғи билан ҳарбий ислоҳот режаси лойиҳаси ишлаб чиқилган. Унда ҳарбий бошқарув тизимини такомиллаштириш ва машғулотларни режалаштиришни стандартлаштириш кўзда тутилган. Ҳарбий хизматчилар хавфсизлигини таъминлаш эса асосий шартлардан бири сифатида белгиланган.

Манғистаудаги фожиа

Жорий йилнинг 24 сентябрь куни Манғистау вилоятида Қозоғистон Қуролли кучлари Ҳарбий-денгиз кучлари томонидан ўқув-жанговар топшириқни бажариш вақтида Каспий денгизи соҳилида метеорологик шароитнинг кескин ёмонлашиши ва шамолнинг кучайиши сабабли ҳарбий хизматчилар денгизга оқиб кетган.

Мудофаа вазирлиги дастлабки маълумотларида денгизга 19 нафар ҳарбий хизматчи оқиб кетганини билдирган эди. Ўша пайтда 9 нафар ҳарбий хизматчининг ҳалок бўлгани қайд этилган. Кейинроқ, Манғистау вилояти ҳокимлиги денгизга оқиб кетганлар сони 17 нафар эканини маълум қилди.

Ҳарбий хизматчилар ҳалок бўлганидан сўнг ҳукумат комиссияси тузилган, ҳодиса жойига Бош вазир ўринбосари Қанат Бозумбаев юборилган. Президент Қосим-Жомарт Тўқаев ҳарбий хизматчиларнинг ҳалок бўлгани муносабати билан ҳамдардлик билдирган ва фожиани тергов қилиш бўйича топшириқлар берган. Бундан ташқари ҳодиса ортидан мамлакат Мудофаа вазирлигининг 5 нафар мансабдор шахси қўлга олинган.

Оқтовда Шаҳар куни муносабати билан ўтказилиши режалаштирилган байрам тадбирлари бекор қилинган. Қосим-Жомарт Тўқаев 25 сентябрь кунини Қозоғистонда умуммиллий мотам куни деб эълон қилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев фожиа муносабати билан Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев ва Қозоғистон халқига ҳамдардлик йўллади. 

Маълумотларга кўра, ҳалок бўлган ҳарбийлар рўйхатида 2006 йилда Қорақалпоғистонда туғилган Олмос Юсуф ўғли Кобенов ҳам бор.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг