Каспий шиддат билан қурияпти. У ҳеч қачон тикланмаслиги мумкин
Олам
−
25 Октябрь
34075Сайёрадаги энг катта кўл – Каспий денгизи тезлик билан қуриб бормоқда. Мутахассислар унинг ҳеч қачон тикланмаслигидан хавотир билдирмоқда. Бу ҳақда тадқиқотларга таяниб, CNN хабар берди.
Каспий денгизи – сайёрадаги энг катта кўл ҳисобланиб, йирик ҳавзаси сабаб денгиз деб аталади. Унинг айлана қирғоқ чизиғи 6437 километрдан ортиқроққа чўзилган ва денгиз суви бешта давлат – Қозоғистон, Эрон, Озарбайжон, Россия ва Туркманистон ерларини ювиб туради. Ушбу мамлакатлар балиқчилик, деҳқончилик, сайёҳлик ва ичимлик суви, шунингдек, нефть ва газ захиралари учун унга таянади. Каспий, шунингдек, ушбу қурғоқчил минтақанинг иқлимини тартибга солишга ёрдам беради ва Марказий Осиёни ҳам ёғингарчилик ва намлик билан таъминлайди.
Тўғон қуриш, ҳаддан ташқари кўп ерости бойликлирини қазиб олиш, ифлосланиш ва иқлим инқирози унинг қуришига туртки бўлмоқда. Баъзи экспертлар Каспий денгизининг қайтиб келмайдиган нуқтага чекинишидан қўрқяпти.
Иқлим ўзгариши глобал денгиз сатҳини кўтараётган бўлса-да, бу Каспийга ўхшаш ички денгизлар ва кўллар учун бошқача таъсир қилади. Каспий каби типдаги сув ҳавзалари дарёлардан келадиган сув ва ёмғир ҳамда буғланиш орқали ўтадиган нозик мувозанатга таянади. Бу мувозанат дунё исиши билан ўзгариб, кўплаб кўлларнинг қисқаришига олиб келмоқда.
“Одамлар келажакда нима бўлишини кўриш учун узоққа мурожаат қилишга ҳожат йўқ. Қозоғистон ва Ўзбекистон ҳудудидаги Орол денгизи бир пайтлар дунёдаги энг катта кўллардан бири бўлган, аммо инсон фаолияти ва кучайиб бораётган иқлим инқирози туфайли бутунлай йўқ бўлиб кетган”, дейилади хабарда.
Минг йиллар давомида ҳароратнинг ўзгариши ва муз қатламларининг эриши оқибатида Каспий денгизининг ҳавзаси ўзгариб турган. Бироқ сўнгги бир неча ўн йилликларда унинг қуриши тезлашмоқда.
Қайд этилишича, бунда инсон фаолияти муҳим роль ўйнайди, чунки мамлакатлар сув омборлари ва тўғонлар қурмоқда. Маълумотларга кўра, Каспий денгизига 130 та дарё қуйилади, аммо сувнинг 80 фоизга яқини Европанинг энг узун дарёси ҳисобланувчи Волгадан келади.
Теҳрон университетининг Марказий Осиё ва Кавказ тадқиқотлари бўйича мутахассиси Вали Калежийнинг сўзларига кўра, Россия Волгада 40 та тўғон қурган ва яна 18 таси ишлаб чиқилмоқда. Бу эса Каспий денгизига кирувчи сув оқимини камайтиради.
Аммо денгиз сатҳининг чекинишида иқлим ўзгариши тобора муҳимроқ роль ўйнаяпти. Хусусан, буғланиш тезлиги ошиб, у тартибсиз ёғингарчиликни кучайтирмоқда.
Германиянинг Бремен университети Ер тизимларини моделлаштирувчи мутахассиси Маттиас Прангега кўра, Каспий денгизидаги сув сатҳи 1990 йилларнинг ўрталаридан бери пасайиб бормоқда, бироқ 2005 йилдан буён бу жараён тезлашган.
Пранге тадқиқотига кўра, қазиб олинадиган ёқилғи ифлосланиши энг тез қисқартирилган тақдирда, аср охирига келиб денгиз сатҳи 8 дан 18 метргача пасайиши мумкин.
Бошқа бир тадқиқот 2100 йилга бориб денгиз сатҳи 30 метргача тушиш мумкинлигини кўрсатмоқда. Глобал исишнинг янада оптимистик сценарийларида ҳам Каспий денгизининг саёзроқ шимолий қисми, асосан Қозоғистон атрофи бутунлай йўқ бўлиб кетиши мумкин.
Каспий денгизи мамлакатлари учун эса бу инқироз. Калежийнинг билдиришича, кемалар Оқтов каби саёз порт шаҳарларида тўхташга қийналиши сабабли балиқ овлаш майдонлари қисқаради, туризм ва юк ташиш саноати зарар кўради.
Бундан ташқари, геосиёсий оқибатлар ҳам бўлади. Ресурсларни қазиб олиш учун рақобатлашаётган беш мамлакат кўпроқ сув олиш учун пойгага кириши мумкин. Агар қирғоқ чизиғининг ўзгариши мамлакатларни янги даъволар қилишга ундаса, у нефть ва газ захиралари бўйича янги можароларни келтириб чиқаради.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ йиллар давомида Ерни зарарлантириш ва сувни нотўғри бошқариш инсон томонидан юзага келтирилган иқлим инқирози билан бирга тўқнаш келиб, глобал сув айланиш тизимига мисли кўрилмаган босим ўтказгани ва уни мувозанатдан чиқаргани хабар қилинган эди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь