Каспий денгизи сатҳи энг паст даражага пасайди
Бу қизиқ
−
23 Апрель
9301Каспий денгизининг сатҳи тарихий минимал даражада пасайиб кетди. Бу ҳақда кеча, 22 апрель куни Қозоғистон Сув ресурслари ва ирригация вазирининг ўринбосари Болат Бекниёз парламентнинг қуйи палатаси – Мажлисда сўз очди.
Болат Бекниёзнинг маълум қилишича, Каспий денгизининг сатҳи сезиларли даражада ўзгариб туради.
“1900 йилдан 2023 йилгача денгиз сатҳи -25,7 метр (1900 йил)дан -29,01 метргача ўзгарган. Яъни, 1900 йилдаги энг юқори сатҳ билан 1977 йилдаги энг паст сатҳ орасидаги фарқ уч метрдан ошади. 2006 йилдан бошлаб Каспий денгизининг сатҳи пасайиш тенденциясини кўрсатмоқда ва айни пайтда у -29,21 метр даражага етган, бу эса тарихий минимум ҳисобланади. Денгиз сатҳининг пасайиши оқибатида сув юзасининг майдони қисқарди, асосан саёз шимоли-шарқий қисм ҳисобига”, дейди у.
Вазир ўринбосарининг сўзларига кўра, денгиз сатҳининг пасайишига олиб келаётган асосий омиллар иқлимий ва антропоген таъсир остида дарёлардан келадиган сув оқимининг камайиши, ҳаво ҳароратининг ортиши оқибатида буғланишнинг кўпайиши, шунингдек, минтақада ёғингарчилик миқдорининг камайишидир.
Билдирилишича, 1976-2023 йиллар оралиғида Каспий минтақасида ҳаво ҳароратининг ўртача йиллик ўзгариши ҳар 10 йилда +0,51 даражани ташкил этган. 2006-2023 йиллар давомида Каспий денгизининг акваториясидаги ёғингарчилик 65 миллиметрга камайди. Барча бу салбий омиллар Каспийга сув келишининг қисқариши фонида юз бермоқда.
“Аввал ҳам таъкидланганидек, денгиз сатҳини барқарорлаштириш учун йилига 279 куб километр сув барқарор оқиб келиши зарур бўлиб, унинг асосий қисмини Волга дарёси таъминлаши мумкин. Агар Каспийбўйи давлатлари томонидан биргаликдаги чоралар кўрилмаса, илмий башоратларга кўра, 2030 йилга бориб денгиз сатҳи -29,5 дан -30,2 метр оралиғига тушиши мумкин”, деди вазир ўринбосари.
Таъкидлаш жоиз, ўтган йилнинг кузида россиялик олим Владимир Шевченко Каспий денгизи тез орада бутунлай йўқолиши мумкинлигини билдирган. Унинг сўзларига кўра, Каспий денгизидаги сув сатҳининг ўзгариши асосан табиий сабабларга боғлиқ.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ мутахассислар сайёрадаги энг катта кўл – Каспий денгизи тезлик билан қуриб бораётгани ва унинг ҳеч қачон тикланмаслигини айтган эди. Иқлим ўзгариши глобал денгиз сатҳини кўтараётган бўлса-да, бу Каспийга ўхшаш ички денгизлар ва кўллар учун бошқача таъсир қилади. Каспий каби типдаги сув ҳавзалари дарёлардан келадиган сув ва ёмғир ҳамда буғланиш орқали ўтадиган нозик мувозанатга таянади. Бу мувозанат дунё исиши билан ўзгариб, кўплаб кўлларнинг қисқаришига олиб келмоқда.
LiveБарчаси