Каримовнинг неваралари: опа-сингил фарзандлари ўртасидаги муносабат қандай?
Бу қизиқ
−
08 Август 2020
100466Ислом Каримов номидаги Республика хайрия жамоат фондининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг фаолияти ва шахсий ҳаётига оид фото ва видеоматериаллар бериб борилади. Фонд куни кеча Ислом Каримовнинг набиралари – (тўнғич қизи Гулнора Каримованинг ўғли) Ислом, Имон ва (кенжа қизи Лола Каримованинг қизи) Марям билан тушган суратини омма эътиборига ҳавола этди.
Ушбу сурат 2003 йилда, Ислом Каримов вафотидан 13 йил илгари Тошкентда туширилган. Суратда мушук боласини қучиб турган (собиқ) Президент Каримов ва унинг уч набирасини кўриш мумкин.
Ушбу сурат олинган кезларда Ислом Каримовнинг қизлари Гулнора ва Лола Каримова ҳали омма қаршисига чиқмаган, йирик лойиҳаларда иштирок этмаган эди. Гулнора Каримованинг йирик лойиҳалари 2004 йилдан бошланди. Лола Каримова эса ўзининг “Сен ёлғиз эмассан” хайрия фондига гарчи 2002 йилда асос солган бўлса-да, 2005 йилгача фонднинг фаолияти у қадар кўзга ташланмаган.
Лола Каримова 2013 йилда халқаро оммавий ахборот воситаларидан бирига берган интервьюсида опаси Гулнора Каримова билан 12 йилдирки муносабатлари яхши эмаслигини айтган. Бундан чиқди, 2001 йилдаёқ уларнинг орасидан оламушук ўтган.
“Мавжуд бўлмаган муносабатларни тасвирлаб бериш қийин. Мен ва опам бир-биримиз билан 12 йилдан ортиқки мулоқот қилмаймиз. Буни ҳеч қачон яширмаганмиз, ва бундан кўплар хабардор. Кўп йиллардан бери ҳеч қандай алоқамиз йўқ. Орамизда на оилавий, на дўстона алоқалар бор. Савол сўрашингиздан олдин айтмоқчиманки, оилавий маросимларда ҳам кўришмаймиз”, деган эди Лола Каримова ўз интервьюсида.
Бироқ, Каримов фонди томонидан эълон қилинган суратда опа-сингиллар фарзандлари ўртасидаги илиқ муносабатни кўриш мумкин.
Кейинроқ Гулнора Каримованинг ўғли Ислом Каримов ҳам 2016 йилда ОАВга интервью бериб, онаси ва холаси ўртасидаги зиддиятларда марҳум бобосини айблаганди.
“Ойим ва синглиси орасида ёшликларида нормал муносабатлар бўлиб келган. Ягона муаммо шуки... Мен бунда кўпроқ бобомни айблайман. Чунки ойим математика мактабини олтин медаль билан битирган. Бобомнинг изидан борган. Ойим спорт билан шуғулланган, қора камар олган. Ўз карьерасини қуришни бошлаган. У нима қилса, холам буни такрорлашни истаган. Лекин, нега? Ўйлайманки, сабаби – бобом бутун умр холамга гапирган “Нега опангга ўхшолмайсан? Нега мана буни қилолмайсан? Нега яхши ўқимайсан? Нега “У” бўлолмайсан?”
Мен ўз қизларингга бундай муносабат қилиш нотўғри деб биламан. Шунинг учун, бу унинг айби деб ўйлайман. Лекин, факт шуки, бу унга таъсир қилган. Холам бутун умр буни эшитгани учун, унда комплекс пайдо бўлган. Мана ҳозир жамғарма тузилибди. Мамлакатда ҳамма биладики, бизда жамғарма аллақачон бор эди. Журнал ҳам бор эди, у ҳам журнал чиқаряпти. Буни исботлашга ҳам ҳожат йўқ. Бутун умр ўзаро пойга бўлган. Холам ҳам нималаргадир қодир эканини кўрсатишга интилган. Ўйлашимча, нафрат шундай пайдо бўлган, чунки холам барибир ойим даражасига чиқа олмаган. Булар кейин кўпириб жисмоний муаммога айланган. Бошида бу фақат ҳиссиётлар даражасида бўлган бўлса, ҳозир бу ҳаётимизда акс этяпти. Бу адоват туфайли оилалар барбод бўляпти”, деган эди кичик Ислом Каримов.
Юқоридаги суратда акс этган болалар – Гулнора Каримованинг ўғлди Ислом Каримов ва қизи Имон Каримова айни вақтда Англиянинг Лондон шаҳрида истиқомат қилмоқда. Гулнора Каримова эса жиноятлари учун қонун олдида жавоб бермоқда.
Лола Каримова уч фарзанди ва турмуш ўртоғи Темур Тилляев билан АҚШнинг Лос-Анжелес шаҳрида истиқомат қилиб келмоқда. Шунингдек, у Ислом Каримов номидаги Республика хайрия жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси. Яқинда оиланинг Лос-Анжелесдаги 3 та қимматбаҳо вилласи сотувга қўйилди.
Лола Каримова сўнгги бор отаси Ислом Каримовни хотирлаш маросимларида 2017 йил иштирок этди. 31 август куни Оқ уй қароргоҳида ўтган маросимда Лола Каримова жияни Имон Каримова билан намоён бўлганди. Бироқ, Имон Каримова холаси билан муносабатлари тикланганини рад этган. Қолаверса, Гулнора Каримованинг фарзандлари холасининг фарзандлари билан ҳам борди-келди йўқлигини маълум қилган.
Эслатиб ўтамиз, 2020 йилнинг январь ойида Ислом Каримов таваллудининг 82 йиллиги муносабати билан чоп этилган фотоальбомга Каримовнинг қизлари билан тушган суратлари киритилмаган эди.