Каримовнинг набиралари ўртасидаги ришталар 11 йил ўтиб тикланди
Жамият
−
29 Октябрь 2022
27990Кеча, 28 октябрь куни Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг набиралари – Лола Каримова-Тилляеванинг қизи Марям, Гулнора Каримованинг фарзандлари Ислом ва Имон Буюк Британия пойтахти Лондонда учрашди. Бу ҳақда сўнги вақтда ижтимоий тармоқларда фаол бўлган ва блогер сифатида эътироф этилаётган Марям Тилляева ўзининг саҳифаларида маълум қилган. Унинг таъкидлашича, холаваччаси Ислом Каримов билан 2011 йилдан буён илк бор кўришган.
“Мен қанчалар аҳмоқман-а? Менда қанчалик аҳмоқона қарашлар бор эди? Мен катта вақтни бой бердим. Мен энди ўзим учун ўзим фикрлайман. Оила ёки жамиятнинг қарашларига кўра иш тутмайман. Менинг холаваччам яқинда 30 ёшни қарши олади, биз 2011 йилдан бери у билан гаплашмасдик. Ҳаётимиздаги ҳар бир сония бебаҳо, вақтни бой берманг. Бу қанчалик ғалати эшитилсада, яқинларингизни қучинг ва ўпинг”, дейди у.
Кейинроқ, Марям Ислом ва Имон билан тушган суратини илова қилиб, холаваччаларини “дўмбоқвойларим” деб атаган ва улар билан охиригача бирга бўлишини айтган.
“Исломка, Имашка, мен сизларни жуда, жуда, жуда севаман. Мен сизлар билан охиригача бирга бўламан. Илтимос, менинг ёшликдаги кўплаб аҳмоқликларимни кечиринглар. Ахир айтишади-ку, биз оилани танлолмаймиз, лекин фарзандларимиз фаровонлиги учун уни қабул қиламиз. Биз ота-оналаримиздек йўл тутмаймиз, бизнинг ўз ҳаёт йўлимиз бор. Энди биз бирга ўсиб-улғаямиз ва борди-келди қиламиз, деб умид қиламан. Мен сизларни севаман, дўмбоқвойларим”, дейди у.
Ислом Каримовнинг уч нафар набираси биргаликда тушган сурати ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари эътиборини тортмай қолмади ва юзлаб изоҳлар ёзиб қолдирилди. Айрим изоҳларга Биринчи Президентнинг набиралари жавоб қайтарган.
Жумладан, фойдаланувчилардан бири Марямга, “Лондонга кўчиб ўтдингизми?”, деган савол билан юзланган. Марям эса тўйга келганини маълум қилган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг январь ойида, Марям Тилляева холаваччаси Имон Каримова билан 8 йиллик танаффусдан сўнг илк бор кўришганини айтган эди.
Сўнгги маълумотларга кўра, Гулнора Каримова Тошкент вилояти Зангиота туманида жойлашган 21-сонли жазони ўташ колониясида сақланмоқда. У колонияга 2019 йилнинг 14 март куни олиб келинган ва 7-отряднинг 2-секторига (умумий режимдаги) жойлаштирилган.
2020 йилнинг 18 март куни жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида Гулнора Каримова ва у томонидан ташкил этилган жиноий уюшма аъзоларига нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича суд жараёни ниҳоясига етди ва суд ҳукми эълон қилинди.
Ўтказилган ёпиқ суд мажлисида судланувчилар, гувоҳлар, жабрланувчилар кўрсатмалари тингланди, далиллар текширилди ва судланувчилар ҳимоячиларининг важлари муҳокама қилинди.
Суд жиноят иши материалларини ҳар томонлама ва тўлиқ ўрганиб, судланувчи Гулнора Каримовани жиноий уюшма ташкил этиш, товламачилик, ўзлаштириш ва растрата йўли билан талон-торож қилиш, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ва бошқа жиноятларни содир этганликда айбли деб топди.
Суд ҳукми билан Гулнора Каримовага 13 йил 4 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Жиноят қонунчилиги нормаларига мувофиқ ҳамда бир неча жиноят ва ҳукмлар мажмуи бўйича жазо тайинланганлигини инобатга олган ҳолда жазо муддатини 2015 йил 21 августдан бошлаб ҳисоблаш белгиланди.
2016 йилдан кейин Лола Каримова турмуш ўртоғи ва фарзандлари билан АҚШга кўчиб ўтди. У АҚШдан туриб “Сен ёлғиз эмассан” хайрия жамғармаси ва Ислом Каримов номидаги Республика жамоат фондини юритмоқда. Шунингдек, “The harmonist” атторлик моллари брендига ҳам асос солган.
Жорий йилнинг январь ойида Марям Тилляева онаси Лола Каримова-Тилляева унга Гулнора Каримованинг оиласи билан мулоқот қилишни тақиқлаганини айтган эди.