Каримовлар оиласи Лондонда йиғилди (видео)
Жамият
−
08 Сентябрь 2023
33828Ўзбекистоннинг биринчи Президенти Ислом Каримовнинг рафиқаси Татьяна Каримова набиралари билан Лондонга саёҳат қилди. Марям Тилляева ушбу саёҳатдан лавҳаларни ўзининг Instagram саҳифасига жойлади.
Саёҳатда собиқ биринчи хонимга Гулнора Каримованинг қизи Имон Каримова ва ўғли Ислом Каримов, Лола Каримованинг фарзанди Марям Тилляева, шунингдек, Имон Каримова билан турмуш қуриши кутилаётган йигит ҳамроҳлик қилган.
Гап шундаки, Имон Каримова Лондондаги нуфузли университетлардан бирини тамомлади. Оиланинг бошқа аъзолари эса шу муносабат билан Лондонга ташриф буюрди ва бу муҳим кунда унинг ёнида бўлди.
Маълумки, Каримовлар оиласининг тўнғич қизи Гулнора Каримова 2013 йилдан буён қатор жиноятларда айбланиб, қамоқда сақланмоқда. Оиланинг кенжаси Лола Каримова-Тилляева эса отасининг вафотидан сўнг, турмуш ўртоғи Тимур Тилляев ва фарзандлари билан АҚШга кўчиб ўтган. У масофадан туриб, Ислом Каримов номидаги Республика хайрия жамоат фондини бошқариб келади. Лола Каримова АҚШда "The Harmonist" атторлик буюмлари брендига асос солган.
Ислом Каримовнинг беваси Татьяна Каримова эса Тошкентда истиқомат қилмоқда. У Ислом Каримов хотирасини абадийлаштириш ва Каримов номидаги Республика жамоат фонди фаолиятини юритади.
Эслатиб ўтамиз, бир неча кун аввал Ислом Каримов вафотига 7 йил тўлиши муносабати билан Татьяна Каримова ҳамда Марям Тилляева Самарқандга бориб, унинг қабрини зиёрат қилганди. 2 сентябрь куни Шавкат Мирзиёев ҳам хотирлаш маросимида қатнашиш учун Самарқандга борди. Кейинроқ собиқ биринчи хоним Мирзиёевга бу учун миннатдорчилик билдирди.