Карантинни қачон бекор қилишни халқимиз билан бамаслаҳат, ҳар томонлама чуқур ўйлаб, кўриб чиқамиз – Шавкат Мирзиёев

Жамият

image

Аввалроқ, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев глобал инқироз ва пандемия шароитида Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги олдида турган долзарб вазифалар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказгани ҳақида хабар берган эдик.

Йиғилишда Президент мамлакатда фаолият юритаётган бирон-бир тизим тўхтаб қолмаганини, вазиятдан келиб чиқиб, халқнинг соғлиғини ўйлаб, ишлар бошқа шаклда ташкил этилганини таъкидлади.

“Ақлий меҳнат, таълим-тарбия билан боғлиқ фаолият турлари масофадан туриб, “онлайн” режимда олиб борилмоқда”, деди Шавкат Мирзиёев.

Президент раҳбарларга иқтисодиётнинг муҳим тармоқларида иш тўхтаб қолмаслиги, қишлоқ хўжалигида етиштирилган маҳсулотларни четга сотиш ҳам муҳим эканини айтиб ўтди.

“Раҳбарларга мурожаат қилиб шуни айтмоқчиманки, республикамиз ҳудудларида қишлоқ хўжалигида, саноат ва қурилиш, иқтисодиётнинг бошқа устувор тармоқларида, тадбиркорлик субъектларида ишларни самарали давом эттиришимиз керак.

Чунки кун кутиб турмайди, ҳаёт давом этмоқда. Бугунги йўқотилган вақт ва имкониятларни эртага тиклаб бўлмайди.

Бизнинг олдимизда 34 миллионлик азиз халқимизни боқиш баробарида қанчадан-қанча етиштирган маҳсулотларимизни четга экспорт қилиш вазифалари ҳам турибди. 

Давлат раҳбари карантинни қачон бекор қилиш масаласига тўхталиб ўтди ва бу борада тегишли қарор ҳар томонлама чуқур ўйланиб, таҳлил қилингач, қабул қилинишини маълум қилди.

Албатта, биз яхши тушунамиз, уйда ўтириш осон иш эмас, лекин биз айни пайтда элимизнинг соғлиғини ва ҳаётини сақлаб қолиш учун энг мақбул восита сифатида шу тавсияга амал қилишга мажбурмиз.

Биз карантинни қачон бекор қилишни халқимиз билан бамаслаҳат, ҳар томонлама чуқур ўйлаб ва таҳлил қилиб, албатта, кўриб чиқамиз.

Кўпни кўрган, турли синовларда тобланган мард ва матонатли халқимиз билан бу вақтинчалик қийинчиликларни биз, албатта, енгиб ўтамиз.

Буюк шоиримиз Абдулла Орипов қаламига мансуб, ҳаммамиз ғурур билан куйлайдиган Давлат мадҳиямизда “Улуғ халқ қудрати жўш урган замон”, деган чуқур маъноли сўзлар бор”, деди Шавкат Мирзиёев.

Йиғилишда давлат раҳбари коронавирусга қарши кечиктириб бўлмайдиган чораларни ҳам айтиб, ҳокимларга топшириқ берди.


Мақола муаллифи

Теглар

Коронавирус Ўзбекистонда

Баҳолаганлар

382

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг