Канада, Австралия ва Буюк Британия Фаластинни тан олди

Олам

image

Канада, Австралия ва Буюк Британия бугун, 21 сентябрь куни мустақил Фаластин давлатини расман тан олди. Тегишли баёнотлар ҳукумат раҳбарлари томонидан эълон қилинди. Бу қарорни Франция ва бошқа мамлакатлар ҳам БМТ Бош Ассамблеясида келаси ҳафтада такрорлаши кутилмоқда.

“Канада Фаластин давлатини тан олади ва Фаластин ҳамда Исроил давлатлари учун тинч келажак ваъдасини барпо этишда шериклигини таклиф этади”, деб ёзди Канада Бош вазири Марк Карни X ижтимоий тармоғида.

Карни июль ойида мамлакат БМТ Бош Ассамблеясида Фаластин давлатини тан олиш нияти борлигини айтганди. Ўша пайтда бу режа Исроил расмийлари томонидан кескин танқид қилинди ва улар бу қарорни “ҲАМАСга мукофот” сифатида баҳолашганди.

“Фаластин маъмурияти зўравонликдан воз кечди, Исроилни тан олди ва икки давлат ечимига содиқ. Биз тинч ҳамжиҳатликни излаётганларни қўллаб-қувватлаш ва ҲАМАСни четлатиш учун Фаластин давлатини тан оляпмиз”, деди Канада ҳукуматининг юқори мартабали вакили бугунги эълондан сал олдинроқ.

Карнининг баёнотидан олдин, Канада расмийлари Исроилнинг салбий муносабатига жавоб бериб, Фаластинни тан олиш Исроилга қарши чиқиш ёки жазолаш учун қилинмаётганини айтди. 

“Биз чин кўнгилдан мулоқот олиб боряпмиз ва ушбу қарорни қарама-қаршилик сифатида кўрсатишга уринган овозларнинг устун келишини бартараф этиш учун қўлимиздан келган барча ишни қилмоқдамиз”, деди Канада ҳукуматининг юқори мартабали вакилларидан бири.

Канада расмийлари, шунингдек, Фаластин давлатини тан олиш икки давлат ечимини сақлаб қолишга хизмат қилади деб ҳисоблашларини билдирди.

Карнининг июль ойидаги эълони АҚШ Президенти Дональд Трамп томонидан ҳам танқид қилинди. Трамп бу қарор Канада учун АҚШ билан ҳар қандай савдо музокараларида зарар келтиради, деб огоҳлантирган эди.


Австралия ҳам Канада изидан бориб, расман “мустақил ва суверен” Фаластин давлатини тан олди.

“Шу орқали Австралия Фаластин халқи давлатга эга бўлиш ҳақидаги узоқ йиллик ва ҳақли интилишларини тан олади”, дейилади Австралия Бош вазири Энтони Альбанезе ва Ташқи ишлар вазири Пенни Вонгнинг қўшма баёнотида.

Баёнотда таъкидланишича, Австралиянинг Фаластинни тан олиши “икки давлатли ечим учун янги суръат яратишга қаратилган мувофиқлаштирилган халқаро саъй-ҳаракатлар”нинг бир қисми бўлиб, “Ғазода оташкесим ва 2023 йил 7 октябрдаги қирғинлар вақтида олиб кетилган гаровдагиларни озод қилишдан” бошланади.

Буюк Британия Бош вазири Кир Стармер бугун, 21 сентябрь куни мамлакатнинг Фаластин давлатини расман тан олганини ва икки давлатли ечимга умидни тиклашини эълон қилди. Бу қарор Австралия ва Канада қадамлари билан уйғун ҳолда қабул қилинди.

“Яқин Шарқда тобора ортиб бораётган даҳшатлар қаршисида биз тинчлик имкониятини сақлаб қолиш учун ҳаракат қиляпмиз. Бу дегани – хавфсиз ва ҳимояланган Исроил билан бир қаторда барқарор Фаластин давлати бўлиши керак. Ҳозирда эса бизда иккаласи ҳам йўқ”, деди Стармер видео мурожаатида.


Британия Бош вазири икки давлатли ечимга бўлган умид сўнаётганини тан олди, аммо бу нурни ўчиришга йўл қўймаслик кераклигини қўшимча қилди. 

Стармернинг таъкидлашича, Фаластинни тан олиш – Исроил иддао қилганидек, ҲАМАС учун мукофот эмас. 

“Британиянинг икки давлатли ечим чақириқлари ҲАМАСнинг келажакда ўрни йўқлигини англатади”, деди у.

Шунингдек, Стармернинг айтишича, Ғазодаги улкан вайронагарчилик “бутунлай тоқат қилиб бўлмас даражада” ва уни дарҳол тўхтатиш керак. Исроил ўзининг шафқатсиз тактикаларини тўхтатиши ва Ғазога ёрдам киришини таъминлаши зарур.

Стармер, шунингдек, келгуси ҳафталарда Британия ҲАМАС раҳбариятидаги юқори даражали шахсларга нисбатан қўшимча санкциялар жорий қилишини маълум қилди.

Британия Ташқи ишлар вазири Иветт Купер бугун қабул қилинган қарорни “бугунги мисли кўрилмаган таҳдид шароитида икки давлатли ечим имкониятини сақлаб қолиш учун муҳим қадам”, деб атади.

“Тан олиш – тинчлик учун зарур бўлган кучлироқ ва кенг қамровли саъй-ҳаракатларнинг фақат бир қисми”, деб қўшимча қилди Купер.

Британия ҳукумати баёнотида айтилишича, бу қарор: “Фаластин маъмуриятидан кенг қамровли ислоҳотларни амалга ошириш талабини бекор қилмайди”. Президент Маҳмуд Аббос оташкесимдан сўнг бир йил ичида янги сайловлар ташкил этишни ҳам ўз ичига олган ислоҳотларни амалга оширишга ваъда берган.


Мақола муаллифи

Теглар

Буюк Британия Дональд Трамп Австралия Фаластин Исроил Канада ҲАМАС БМТ Бош Ассамблеяси

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг