“Калила ва Димна” жонланган маросим: Қатар яна дунёни лол қолдирди (фоторепортаж)
Спорт
−
13 Январь
12798Кеча, 12 январь куни 4 йилда бир маротаба ўтказиладиган футбол бўйича Осиё кубогининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Мусобақа мезбони Қатар ва Ливан терма жамоалари ўртасидаги орзиқиб кутилган тўқнашув олдидан “Лусаил” стадиони бутун қитъадан келган мухлисларни ажойиб атмосфера билан қарши олди.
Қатар Амири Шайх Тамим бин Ҳамад Ол-Соний иштирок этган маросим қадимий эртак асосидаги “Калила ва Димнанинг йўқолган бўлими” номли ажойиб театрлаштирилган томоша билан бошланди.
Тил ва чегара билмас Осиёнинг турли маданиятлари ўртасидаги дўстликни намойиш этган спектаклдан сўнг Қатар терма жамоаси сардори Ҳасан Ал Ҳайдос футболчиларнинг қасамёдини қабул қилди.
Маросимда Фаластин-Исроил можароси ҳам эътибордан четда қолмади. Ал Ҳайдос қасамёддан сўнг, микрофонни Фаластин терма жамоаси сардори Мусаб Ал-Баттатга узатди. Тадбирда Фаластин миллий мадҳиясининг янграгани ҳам араб халқларининг ўзаро ҳамжиҳатлигига ишора қилди.
Маросим ливанлик қўшиқчи Абеэр Неҳменинг чиқишига уланиб кетди. Бадиий чиқишлардан сўнг мафтункор мушаклар шоуси стадиондаги атмосферани янада жонлантирди.
Ниҳоят Осиё кубогининг дастлабки ўйинига старт берилди. Қатар терма жамоасининг устунлигида ўтган баҳс якунда 3:0 ҳисоби билан якунланди. Мезбонлар сафида голларга Акром Афиф ва Алмоез Али муаллифлик қилди.
Маълумот учун, Осиё кубоги баҳслари 10 февралга қадар бўлиб ўтади.