“Кальмар ўйини”: мактаб қизлари “видео челленж” учун 12 ёшли болани ўлдиргани айтилди
World
−
09:48 2956 3 minutes
Москва вилоятининг Орехово-Зуево шаҳар округида 12 ёшли мактаб ўқувчиси ўлдирилди, жиноятда гумонланаётган 15 ва 16 ёшли икки нафар юқори синф ўқувчиси эса қўлга олинди. Бу ҳақда “Meduza” хабар берди.
Қайд этилишича, 12 ёшли бола 26 август куни Кабаново қишлоғида бедарак йўқолган. Уни қидириш ишларига кўнгиллилар ҳам жалб қилинган. 27 август куни боланинг жасади кўплаб пичоқ жароҳатлари билан ташландиқ бино – маҳаллий касб-ҳунар таълими муассасасининг собиқ ётоқхонаси подвалида топилган.
Кўп ўтмай, жиноятда гумонланиб, маҳаллий 2 нафар вояга етмаган қиз – 15 ва 16 ёшли ўқувчилар ушланган. Терговчилар қотиллик бўйича жиноят иши қўзғатган.
Telegram-каналлар ва оммавий ахборот воситалари ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлардаги манбаларига таяниб, қизлар қотилликни олдиндан режалаштиргани, пичоқ ва қўлқоплар тайёрлагани ҳақида ёзмоқда. Улар ҳалок бўлган болани қишлоқдаги қўшниси сифатида танишган.
Маълум қилинишича, ўсмир йўқолган куни қизлар уни “пиво ичиш” баҳонасида сайр қилишга чақириб, ташландиқ бинога олиб борган. “Комсомольская правда” нашрининг полициядаги манбаси қизлар “одамлар қандай ўлишини кўришни” истаганини айтган.
Айрим манбаларга кўра, қизлар қотиллик жараёнини телефонга тасвирга олиб, қандайдир “видео челленж”ни бажарган. Бошқа манбалар эса гумондорлар изларни йўқотиш мақсадида атайлаб мобиль телефонларини ўзлари билан олмаганини билдирган. Жиноятдан сўнг улар уйларига қайтиб кетган.
Ҳалок бўлган боланинг онаси Ирина “msk1” нашрига берган интервьюсида гумонланувчилар бошқа қотилликларни ҳам режалаштирган бўлиши мумкинлигини айтган. Унинг сўзларига кўра, терговнинг версияларидан бири қизлар Жанубий Кореянинг “Кальмар ўйини” сериалидан илҳомланган бўлиши мумкинлигини назарда тутади.
Сериал воқеаларида қаҳрамонлар ҳаёт-мамот учун шафқатсиз ўйинларда иштирок этади. Боланинг онаси терговчилар бундай хулосага гумонланувчилардан бирининг хонасида сериал қаҳрамонлари тасвирланган плакатлар бўлгани ва унинг TikTok аккаунтида сериалдагиларнинг қотиллик саҳналари жойлангани асосида келганини айтган.
Кабаново аҳолисидан бири “msk1” нашрига 2 нафар қиз ҳам тинч ва жанжалкаш бўлмаганини, аммо мактабда бошқа тенгдошлари улар билан кўп мулоқот қилмаганини билдирган. Унинг айтишича, қизлар бир-бири билан яқин дўст бўлиб, кўп вақтни бирга ўтказган.
Нашр суҳбатдошининг таъкидлашича, қизлардан ҳалок бўлган бола ҳам киритилган 50 нафардан иборат рўйхат топилгани ҳақида маълумот бор. Шунингдек, унинг айтишича, гумонланувчилар ҳеч қандай субмаданиятга, жумладан, сатанизмга алоқадор бўлмаган, аммо “Кальмар ўйини” сериалига жуда қизиққан.
Силовикларга яқин РЕН манбаси эса гумонланувчиларнинг сўроқда берган кўрсатмалари ҳақида маълумот тарқатган. Унга кўра, қизлардан бири анчадан бери “қон нима эканини ва одам ўлдириш қандай бўлишини” билишни истаганини айтган.
Бошқа гумонланувчи эса дугонаси билан романтик муносабатда бўлганини ва ҳалок бўлган бола бу сирни ошкор қилиб қўйишидан қўрққанини билдиргани айтилмоқда.
Ҳозирча ушбу маълумотларнинг бир қисми ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан расман тасдиқланмаган. Тергов давом этмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Малайзияда 14 ёшли ўсмир 16 ёшли мактабдош қизни ўлдиришда айбланиб, 40 йилга қамалиши мумкинлиги айтилганди.
Live
All