14 ёшли ўсмир қотиллик учун 40 йилга қамалиши мумкин
Олам
−
03 август 6704 2 дақиқа
Малайзияда 14 ёшли ўсмир 16 ёшли мактабдош қизни ўлдиришда айбланмоқда. Унга нисбатан суд жараёни бошланган бўлиб, айбдор деб топилса, 40 йилгача қамалиши мумкин. Бу ҳақда BBC хабар берди.
Қайд этилишича, воқеа 2025 йилнинг октябрь ойида Малайзия пойтахти Куала-Лумпур чеккасидаги мактаблардан бирида содир бўлган. Тергов маълумотларига кўра, 16 ёшли Яп Шинг Хуэн исмли қиз мактаб ҳожатхонасида бир неча марта пичоқланган ҳолда топилган ва вафот этган. Мазкур жиноятда гумон қилинаётган ўсмир ўша пайтда 14 ёшда бўлган. У судда ўзига қўйилган айбловни тан олмаган.
Малайзия қонунчилигига кўра, вояга етмаган шахснинг шахси ошкор қилинмайди. Агар у айбдор деб топилса, ўлим жазосига ҳукм қилинмайди, бироқ 30-40 йилгача озодликдан маҳрум қилиниши ва калтаклаш жазоси қўлланилиши мумкин.
Полиция аввалроқ жиноятга ижтимоий тармоқлардаги айрим зарарли таъсирлар сабаб бўлган бўлиши мумкинлигини билдирган. Шунингдек, гумондор қўлга олинган пайтда ундан ёзув топилгани айтилган. Ушбу ёзув мазмуни ҳақидаги хабарлар жамиятда катта баҳсларни келтириб чиқарган. Ҳозирда ушбу иш бўйича суд жараёни давом этмоқда.
Мазкур ҳолат Малайзияда ўсмирлар орасидаги зўравонлик, интернетдаги зарарли ғоялар ва айрим ёшлар орасида тарқалаётган нафратли қарашлар таъсири ҳақидаги муҳокамаларни кучайтирди. Мамлакат ҳукумати болаларни зарарли онлайн контентлардан ҳимоя қилиш чораларини кучайтиришини билдирган.
Хусусан, июнь ойидан бошлаб 16 ёшгача бўлган болаларга йирик ижтимоий тармоқларда аккаунт очишни чекловчи янги қоидалар жорий этилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Бразилиянинг шимолий қисмидаги Акри штатида 13 ёшли ўқувчи мактабда содир этган отишма оқибатида икки аёл ҳалок бўлгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси