ЕТБ Қўштепа канали қурилишининг Марказий Осиёдаги сув балансига таъсирини баҳолади
Олам
−
28 Июнь
11933Қўштепа канали қурилиши натижасида юзага келган минтақавий сув баланси масалалари биргаликда ҳал қилиниши керак. Бу ҳақда Евросиё тараққиёт банки бошқаруви раиси Николай Подгузов кеча, 27 июнь куни Олмаотадаги форумда сўз очди.
У Қўштепа канали қурилиши Марказий Осиёнинг сув балансига хавф туғдириши мумкинлиги, бу муаммоларни минтақа давлатлари ҳал қилиши зарурлигини айтиб ўтди. Подгузовнинг айтишича, ЕТБ минтақанинг сув балансига таъсир кўрсатадиган лойиҳаларга эътибор қаратмоқда. Мутахассисларнинг фикрича, Афғонистонда қурилаётган Қўштепа канали дарёлардан, хусусан, Амударёдан йилига 10 куб километр сув олади.
“Амударёдаги сувнинг камайиши Сирдарёдан қишлоқ хўжалиги ва бошқа эҳтиёжлар учун сув олишнинг ошишига олиб келиши муқаррар”, деган Қирғизистон Хавфсизлик кенгаши котиби Марат Имонқулов.
Қатор таҳлилчиларнинг фикрича, бу ҳолатда Марказий Осиё сурункали сув танқислиги палласига киради. Евросиё тараққиёт банки Афғонистон банк аъзоси эмаслигини, канал қурилиши эса давлатнинг ўз ҳудудида амалга ошираётган лойиҳа эканлигини таъкидлади.
“Дипломатик каналлар орқали мулоқот қилиш масалаларини давлатлар ўзаро ҳал қилади. Лекин биз муаммони биргаликда ҳал қилишимиз керак. Ишонаманки, давлатлар биргаликда бир тўхтамга келишади. Бизнинг таклифимиз – барча масалаларни биргаликда ҳал қилишдир”, деган Подгузов.
Таҳлилчиларнинг фикрича, вазиятни рақамли сув ҳисобини ривожлантириш, сувни тежаш ва бугунги кунда минтақада мавжуд ресурслардан оқилона фойдаланиш орқали ҳал қилиш мумкин.
Маълумот учун, Қўштепа канали лойиҳаси Амударёнинг сув ресурсларини бошқариш соҳасидаги йирик лойиҳалардан бири бўлиб, у ҳозирда Афғонистон шимолида амалга оширилмоқда. Каналнинг биринчи босқичи ишга туширилган, аммо Марказий Осиё давлатлари бу лойиҳадан хавотир билдирмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ сув ресурсларини бошқариш бўйича афғон эксперти Нажибулла Садид Қўштепа каналининг ишга туширилиши Афғонистонга ҳар йили ўртача 500 миллион доллар даромад келтиришини айтганди. Шунингдек, Россия компаниялари канал қурилишига аралашмоқчилиги ҳақида хабар берилганди.
LiveБарчаси