Қўштепа канали Афғонистонга ҳар йили ўртача 500 миллион доллар даромад келтиради – эксперт
Олам
−
06 Июнь
7507Қўштепа каналининг ишга туширилиши Афғонистонга ҳар йили ўртача 500 миллион доллар даромад келтиради. Бу ҳақда сув ресурсларини бошқариш бўйича афғон эксперти Нажибулла Садид “Тolonews”га берган интервьюсида маълум қилди.
“Қўштепа ва унинг барча ёрдамчи каналлари қуриб битказилгач, Афғонистонга йилига 470-550 миллион доллар миқдорида даромад олиб келиши мумкин”, дейди Садид.
Нашр экспертларининг фикрича, ушбу канал қурилиши тугалланиши билан Афғонистон буғдой етиштириш бўйича ўзини-ўзи таъминлашга эришади ва бу орқали мамлакат ўз иқтисодиётида сезиларли ютуқларни қўлга киритиши мумкин.
Афғонистон Миллий тараққиёт корпорацияси Қўштепа каналининг сув олиш иншооти қурилиши 50 фоизга, иккинчи босқичда ер қазиш ишлари 30 фоизга ошгани ҳақида хабар берди. Йил охиригача Фарёб вилоятининг Андхой туманига етиб бориши кутилаётган каналнинг иккинчи босқичи учун қазиш ишлари қиймати 20 миллиард афғон (283 миллион доллардан ортиқ)га баҳоланмоқда.
Қўштепа канали 2022 йилнинг март ойидан бери қурилмоқда. Афғонистонда буғдой ва кунгабоқар етиштириш учун мамлакат шимолидаги 555 минг гектар унумдор бўлмаган ерларни суғориш зарурлиги айтилган.
Канал Балх вилоятининг Ўзбекистон билан чегарадош Калдар туманидан бошланиб, Жаузжон вилояти орқали Фарёб вилоятининг Андхой туманига ўтади. Унинг узунлиги 285 км, кенглиги 100 м бўлади.
Ўзбекистон ҳукумати каналнинг республика қишлоқ хўжалигига салбий таъсир кўрсатишидан бир неча бор хавотир билдирган. Мутахассисларнинг фикрича, Қўштепа Амударёдан сувни буриш орқали Орол ҳалокатини янада кучайтиради. “Чегара билмас дарёлар” халқаро экологик коалицияси каналнинг фойдаланишга топширилиши Амударё ҳавзасидаги барча мамлакатларнинг сув таъминотига зарба беришидан огоҳлантирди. Қурилиш тугагандан сўнг Қўштепа Афғонистондаги қишлоқ хўжалиги ерларини суғориш учун Амударё сув оқимининг қарийб 20 фоизини олиши мумкин бўлади ва унинг Амударёнинг ёзги кам сувига таъсири қайта тақсимланиш туфайли янада кучаяди.
2023 йил сентябрь ойида Оролни қутқариш халқаро жамғармаси саммитида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Афғонистонни сув ресурсларини баҳам кўриш бўйича минтақавий мулоқотга жалб этишни таклиф қилган эди. Бунга жавобан Афғонистон Сув хўжалиги ва энергетика вазирлиги раҳбари Абдул Латиф Мансурнинг айтишича, ҳозирги Афғонистон ҳукумати Амударёдан сувни тортиб олиш бўйича ҳеч қандай келишувлар билан чекланмаган.
Ўша йилнинг октябрь ойи ўрталарида “Толибон” каналнинг биринчи қисми қуриб битказилгани ва лойиҳанинг иккинчи босқичи бошланганини эълон қилди. Улар минтақа давлатларидан, хусусан, Ўзбекистондан канал ҳақида қайғурмасликни сўрашган ва муаммоларни “дипломатик каналлар орқали” ҳал қилишга тайёр эканликларини билдиришган.
LiveБарчаси