Қурилмаларга қарамликдан қутулиш – “рақамли детокс” нима?
Бу қизиқ
−
06 Март
36552024 йилги тадқиқотларга кўра, рақамли технологиялар учун биз кунига ўртача 6 соат 40 дақиқа вақтимизни сарфлаяпмиз. Уйқудан сўнг биринчи, уйқудан олдин эса охирги қўлга оладиган буюмимиз шахсий қўл телефонларимиздир. Ақлли гаджетлар кун бўйи ҳам биз билан. Бу эса умримизнинг катта қисми бошқаларни томоша қилиш билан ўтаётганини англатади. Аммо ижтимоий тармоқлар тасмасини янгиламаслик “замондан қолиб кетганлик” ҳиссини бераётган бир даврда ҳар ким ҳам бундан чекинишга ўзида ирода топа олмайди. Ахборот асрида рақамли гаджетлардан воз кечишнинг иложи йўқлигини ҳам тан олишга мажбурмиз. Бироқ режали фойдаланиш орқали “экран вақти”нинг зарарли оқибатларини назорат қилиш имконияти мавжуд.
Доимий равишда “рақамли қурилмаларга ёпишиб олиш” жисмоний ва руҳий жиҳатдан салбий таъсир кўрсатади. Агар ўзингизда “рақамли ҳаёт”нинг шундай томонларини сезган бўлсангиз, эҳтимол, “рақамли детокс” қабул қилиш вақти келди.
У нима?
Детокс сўзи ўз маъносида келганида организмни йиллар давомида тўпланиб қолган ва иммунитетни пасайтирувчи заҳарли моддалардан тозалаш чора-тадбирлари мажмуи ўлароқ тушунилади. Аммо бугунга келиб, организмни фақатгина заҳарли моддалар эмас, рақамли технологияларга қарамлик ҳам кучсизлантириб, унинг функцияларини йўқоттирмоқда. Оқибатда “рақамли детокс” қабул қилиш зарурати пайдо бўлди.
“Рақамли детокс” деганда, ижтимоий тармоқлар, интернет ўйинлари ва турли сайтлардан чекиниб, организм ва руҳга дам бериладиган қисқа даврни тушуниш мумкин. Бу даврда киши “экран вақти”ни секин-аста қисқартириш ва “рақамли дунё”дан узилиш орқали стрессни камайтириб, мияга дам беради.
“Рақамли детокс”нинг афзалликлари
Руҳий саломатликни яхшилайди. Тадқиқотларга кўра, ижтимоий тармоқлар инсон онгига катта психологик юклама беради. Чунки уларда томоша қилинган нарсалар ҳаётга қарашни беихтиёр ўзгартиради ва шахсий имкониятларни бошқаларники билан солиштиришга олиб келади. “Рақамли детокс” эса ижтимоий тармоқлардаги сохта ҳашаматга камроқ дуч келиш орқали стресс ва хавотирни камайтириб, руҳий саломатликни яхшилайди.
Сифатли уйқуга ёрдам беради. Инсон танаси соатдек ишлайди. Уйқу вақти келганида буни тартибга солувчи мелатонин гормони ишлаб чиқилиши бошланади. Аммо электрон қурилмалар чиқарадиган зангори нур бу жараённи бузади. Тадқиқотлар шуни кўрсатдики, “рақамли детокс” асосида кечки “экран вақти”ни қисқартирган иштирокчилар тезроқ ухлаб қолиб, тетикроқ уйғонган ва бир ҳафтада уйқу сифатини яхшилашга эришган.
Диққатни жамлаб, вақтдан унумли фойдаланишга ёрдам беради. “Рақамли дунё” кўп вақт талаб қилади. Одамлар мақсадсиз равишда бир иловадан иккинчисига ўтиш орқали қанча вақтни беҳуда сарфлаганини сезмайди ҳам. “Рақамли детокс” пайтида киши диққатни жамлаш орқали режалаштирган ишларини сифатли бажариб, унумдорликни оширади.
Жисмоний саломатликни яхшилайди. Рақамли қурилмалардан ҳаддан ташқари кўп фойдаланиш камҳаракатлик оқибатида турли хил саломатликдаги муаммоларга олиб келади. “Рақамли детокс” даврида ўз-ўзидан жисмоний фаоллик ошади ва семизлик ҳамда юрак-қон томир касалликлари каби хавфлар камаяди. Бундан ташқари, узоқ вақтни экран қаршисида ўтказиш кўзлар зўриқиши ва хиралашуви, шунингдек, бош оғриғига олиб келади. Рақамли қурилмалардан танаффус қилиш кўзларга дам олиш имконини беради, бу эса визуал қулайликни оширади.
Муносабатларни яхшилайди. Интернетга сарфланаётган вақт қисқартирилса, одамлар билан кўпроқ вақт ўтказиш имконияти ортади. Атрофдаги яқинларга, суҳбат ва бошқаларга диққат ортади.
“Рақамли детокс” зарурати белгилари
Тадқиқотчилар фикрича, қуйидагиларни сезган шахслар ўзига ҳам, рақамли қурилмаларига ҳам танаффус бериши керак.
- Доимий телефонни текшириш заруриятини ҳис қилиш
- Мессенжерларни тез-тез текшириш
- Уйқудан олдин ва кейин телефон билан машғул бўлиш
- Телефони ёнида бўлмаганида ўзини ноқулай ҳис қилиш
- Шахсий ҳаётни ижтимоий тармоқлардагилар билан солиштириш
- Ўзига ёқмаган вазиятлардан қочиш учун чалғитувчи сифатида телефондан фойдаланиш
- “Экран вақти”да бош ва бўйин оғриғи ёки кўз зўриқишини ҳис қилиш
- Рақамли ва ҳақиқий ҳаёт чегараларини белгилай олмаслик
“Рақамли детокс” қандай қабул қилинади?
Кундалик ҳаётнинг катта қисмини эгаллаган одатлардан воз кечиш ҳеч қачон осон бўлмаган. Шунинг учун ишни кичик, аммо сезиларли қадамлардан бошлаш керак. Масалан, уйғонишдан кейинги ва ухлашдан олдинги 2 соатда электрон қурилмалардан фойдаланмаслик ҳаёт сифатига катта таъсир кўрсатади. Қуйидаги кўрсатмалар орқали “рақамли детокс”ни амалга ошириш мумкин.
Мақсадни аниқланг. “Рақамли детокс” билан нимага эришмоқчилигингизни ва нимани камайтириш ёки йўқотишни хоҳлаётганингизни аниқланг. Буни маълум бир қурилма ёки иловадан бошлаш мумкин.
Чегараларни белгиланг. Қисқа режа тузинг ва унга риоя қилинг. Муҳим фойдани йўқотмаган ҳолда, имкон қадар камроқ фойдаланиш учун телефонингизни маълум вақтга бошқа хонада қолдиринг. Ўз-ўзингизни назорат қилишни ўрганинг.
Чалғитадиган нарсаларни олиб ташланг. Одамларни қурилмаларга “михлаган” омил иловалардир. Шунинг учун, вақтингизни ўғирлаётган иловаларни бирин-кетин ўчириб ташлашни бошланг. Қолаверса, телефон ва компьютерларимизда биз ҳеч қачон фойдаланмайдиган иловалар ҳам кўп. Ишни шулардан бошлаш осонроқ. Шунингдек, билдиришномаларни ўчириб қўйиш ҳам фойдали.
Хобби билан шуғулланинг. Эски зарарли қизиқишдан қутулиш учун, янги фойдали қизиқишларни шакллантириш керак. Рақамли технологиялар пайдо қилган одатларни ўзингиздаги хоҳишга қараб, қизиқарли машғулотга алмаштириш мумкин. Китоб ўқиш, сайр қилиш, спорт ёки севимли хобби билан шуғулланиш “рақамли қурилмалар ҳижрони”ни енгиллаштиради.
Уни ҳаёт тарзингизга айлантиринг. Барча шартларда ҳаққоний бўлгач, “рақамли детокс” сизга қандай фойда келтирганини баҳоланг. Агар “детокс” давомида эришганларингизни ўзингизга манфаатли деб ҳисобласангиз, ҳаракатни доимий ҳаётга татбиқ қилишингиз мумкин.
“Рақамли детокс” турлари
Мақсадига қараб, “рақамли детокс”лар қуйидагича турланади:
Тўлиқ детокс: барча ижтимоий медиа платформаларидан чиқиш ва мобил телефонлардан барча хабар алмашиш иловаларини ўчириш орқали маълум муддат давомида рақамли қурилмалар билан алоқани узиш.
Ижтимоий медиа детокси: киши ўзининг “экран вақти”ни бошқара олишига ишонган ҳолда, шунчаки бироз танаффусга муҳтожлик сабабли ижтимоий тармоқларни чеклаш.
Махсус детокс: вақтини энг кўп “емираётган” илова ёки платформадан фойдаланишни камайтириш. Масалан, кунига аниқ белгиланган вақт мобайнидагина улардан фойдаланиш мумкин.
Мақола сўнггида эслатма сифатида мавзу юзасидан олимлар прогнозини келтиришни лозим топдик. 2022 йилда бир гуруҳ америкалик олимлар электрон қурилмалардан ҳаддан ташқари кўп фойдаланиш инсон эволюциясининг деформацияланишига олиб келишини башорат қилди.
Тадқиқотчилар “Mindy” деб номланган “келажак инсони”нинг 3D моделини ишлаб чиқди. Уларнинг фикрича, офис ишлари ва смартфонларга бўйин эгиш келажакда одамларнинг букри бўлиб қолишига олиб келади. Шунингдек, “Mindy”да гаджетларнинг зангори нурига қарши ноёб ҳимоя – иккинчи кўз қовоғи ҳам бўлиши мумкин.
LiveБарчаси