Қўқонда номаълум шахслар соғлом чинорни кесиб кетди (видео)
Жамият
−
14 Февраль
4394Ижтимоий тармоқларда Қўқон шаҳар 51-мавзесида соғлом чинор дарахти ҳеч қандай асоссиз кесилгани тўғрисида хабарлар тарқалди. Ҳолат юзасидан Фарғона вилоят Экология бошқармаси расмий муносабат билдирди.
Ижтимоий тармоқдаги хабарга кўра, шу куннинг ўзида Фарғона вилоят прокуратураси, вилоят Экология бошқармаси Қўқон шаҳар бўлими ҳамда ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда Қўқон шаҳар “Зилол” МФЙ A.Xўқандий мавзеси 53-кўп қаватли уйлар жойлашган ҳудудда ўрганиш назорат ишларини олиб борган.
Ўрганишда ҳақиқатдан ҳам ҳудудда номаълум шахслар томонидан ҳеч қандай рухсатномасиз кўп йиллик чинор дарахтининг тагидан ярим қисмига қадар арралаб кетилган ҳолати аниқланган. Ҳолат юзасидан тегишли ташкилот ходимлари иштирокида тезкор суриштирув ишлари олиб борилиб, далолатнома тузилган ҳамда 117 млн сўм ўсимлик дунёсига етказилган зарар ҳисобланган.
“Ҳар қандай ҳуқуқбузарликнинг тепасида кимдир раҳнамолик қилади. Баъзида оддий ишчи кимнингдир топшириғи билан қонун бузилиш ҳолатини содир этиши натижасида ўзига ва жамиятга зарар етказиб қўйиши афсуски жуда ачинарли”, дейилади хабарда.
Билдирилишича, ҳолатга асосан тўпланган ҳужжатлар Қўқон шаҳар прокуратурасига тақдим этилиб, ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан терговга қадар ўрганиш ишлари давом этмоқда. Ўрганиш ишлари якунлангандан сўнг, бу ҳақда яна қўшимча маълумот берилишини билдирилган.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Самарқанд вилояти Тойлоқ тумани “Хўжаюз” МФЙда жойлашган маҳалла ҳовузи атрофидаги бир туп кўп йиллик ўсиб турган чинор дарахти шу маҳаллада яшовчи фуқаро С.Р. томонидан ҳеч бир рухсатларсиз ноқонуний равишда кесиб ташлагани ва табиатга 115 125 000 сўм зарар етказгани аниқланганди.
LiveБарчаси
Самарқандда даҳшатли авария содир бўлди.
24 Апрель