“Қудратли” Россия ерлари Украина назоратида

Таҳлил

Жуда узоқ муддатдан буён давом этиб келаётган Россиянинг Украинага босқини ва унинг ерларини вайрон қилган уруши энди ростманасига Россиянинг ўз ҳудудига кўчди. Энди босқин остида рус ерлари. 2 ярим йилдан буён ниҳоясига етмаган, гоҳ шиддатли, гоҳида эса пассив темпда олиб борилаётган Россиянинг ўз қардоши Украинага нисбатан амалга ошираётган босқини ортда қолган ҳафта ичида ўз ҳудудига кириб келди. Украина армияси Россия ҳудудининг қарийб 1000 квадрат километрини назорат қилмоқда. Украина Қуролли кучлари Бош қўмондони Александр Сирский мамлакат Президенти Зеленскийга берган ҳисоботига кўра, Россиянинг аҳволи ҳозирча шундай кўринишда.

Уруш қандай кетмоқда?

Жуда қисқа вақт ичида ҳозиргача Украина томонидан эгалланган ва украинлар томонидан назорат қилинаётган мазкур ҳудудлар Россиянинг Курск вилоятидаги бир қанча маъмурий марказларни ўз ичига олади. Украина Қуролли кучларининг “Bravo Team” махсус бўлинмаси тақдим қилган маълумотларга кўра эса Курскдаги бутун бошли Суджа шаҳри тўлақонли Украинаники бўлиб турибди. Кореневский, Суджанский ва Беловский туманларида икки ўртада шиддатли жанглар давом этмоқда. Ахборот майдонидаги жанг эса қуруқликдаги фронтдан қолишмаяпти. Икки томон ҳам ўз ютуғини ошириб, мағлубиятни яшириш билан овора. Масалан, Курск губернатори вазифасини бажарувчи Алексей Смирнов 12 август куни 28 та аҳоли пункти Украина назорати остига ўтиб кетганини маълум қилди. Украинанинг DeepState хариталаш лойиҳаси 44 та аҳоли пункти қўлга олинганига ишора қилса, мустақил Россия оммавий ахборот воситалари бу кўрсаткични 30 га яқин дея тахмин қилди. Бироқ Украина Президенти Владимир Зеленский бу борада ортиқча майдалашиб ўтирмади ва DeepState ҳамда рус ОАВлари берган 44 ва 30 рақамларини умумлаштириб, жанубий Курск вилоятида 74 та рус аҳоли пунктлари Украина қўлига ўтганини айтди. Ҳудудлар олди-бердиси борасидаги ахборот жанги кейинчалик келажакдаги ҳаракатларнинг боришига ҳам таъсир ўтказиш усулига кўчди. Россияга ҳужум фонида Украина Хавфсизлик хизмати қизиқ бир баёнотни эълон қилди. Унга кўра, Россия разведкаси Курск вилоятидаги вазиятдан фойдаланиб, украиналик ҳарбийлар ҳарбий жиноятлар содир этгани ҳақида ёлғон маълумот тарқатмоқда ва бу маълумотлар яқин вақт ичида сохта ҳаракатлар орқали ҳам исботланиш эҳтимоли бор. Аниқроқ қилиб айтадиган бўлсак, яқин келажакда Россия махсус хизматларининг ўзи Украина ҳарбийларига жиддий айблов юклаш учун Курск вилояти аҳолисига нисбатан зўравонлик жиноятлари уюштириши ва бунда расмий Киевни айблаши кутилмоқда. Бу Украина разведкасининг дунё ҳамжамиятига берган огоҳлантиришидир.

“Душманнинг бундай ахборот ва психологик махсус операциялари, биринчи навбатда, Украина Қуролли кучларининг ҳужумкор ҳаракатларига самарали қаршилик кўрсата олмаслиги билан боғлиқ. Бизнингча, яқин келажакда Россия махсус хизматлари Украина томонини янада айблаш мақсадида тинч аҳолига, хусусан, Курск вилоятида жиноятлар уюштириши мумкин. Украина Хавфсизлик хизмати бундай уринишлар бефойда ва ҳеч қандай ҳолатда Украина Қуролли кучларининг ҳужумкор ҳаракатларига ёки мамлакатимизнинг халқаро ҳамкорлари позициясига таъсир қилмаслигидан огоҳлантиради”.

Баёнотда айтилишича, Украина Мудофаа кучлари уруш қоидаларига, жумладан, ҳарбий асирлар ва тинч аҳолига нисбатан муносабатда бўлиш қоидаларига қатъий риоя қилишини шу чоққача бутун дунёга исботлаб келмоқда.

Россияликлар хавфсизликка муҳтож

Украина Қуролли кучлари 6 августдан буён фаолият юритаётган Россия Федерацияси Курск вилоятининг турли туман ва улардаги аҳоли яшаш пунктларида истиқомат қилувчилар ўз ҳаракатлари билан хавфсиз ҳудудларга кўчмоқда. Курск вилояти раҳбари вазифасини бажарувчи Алексей Смирнов вилоятдан 180 минг киши эвакуация қилиниши кераклигини айтганди ва ҳозиргача 121 минг аҳоли аллақачон уйларини тарк этганини маълум қилди. Курск вилоятининг Глушковский, Кореневский, Суджанский туманларидан ҳам аҳолининг ихтиёрий равишда чиқиб кетиши кузатилган. Курскка қўшни Белгород вилоятининг Краснояружский тумани аҳолиси эса ҳудудни деярли бутунлай тарк этган. Большесолдатский туманида аҳоли ўз кучи билан ва маҳаллий маъмурият ёрдамида эвакуация қилинди. Туман раҳбари Владимир Зайцев 13 август куни ўзи масъул бўлган туман аҳолисининг эвакуация қилиниши ва бу учун қўлидан келган барча ишни қилишни ваъда берди.

“Мен қўлимдан келган ҳамма нарсани қиламан: биз тинч аҳолини олиб чиқамиз, ҳарбийларга ёрдам берамиз, озиқ-овқат билан таъминлаймиз, ёнғинларни ўчирамиз. Ҳудудимизда шу кунгача ҳеч қандай эвакуация қилинмаган. Ҳамма ўзи кетди, ҳеч ким аралашмади. Бугун биз ҳали ҳам эвакуация қилиниши керак бўлганлар ҳақида маълумот йиғмоқдамиз”, деб ёзди расмий.

Маълумотларга кўра, Большесолдатский тумани, Суджанский тумани, Мартиновка қишлоғидан саккиз километр узоқликда жойлашган. Бу ерларга эса украиналик ҳарбийлар аллақачон етиб келган, ҳудуднинг ўзида жанглар содир бўлган ва мазкур ерлар энди руслар учун хавфсиз эмас.

Кремлда хаос

Россия Президенти Украина билан чегарадош ҳудудлардаги вазият бўйича йиғилиш ўтказди. У мазкур йиғилишда қуйидагилар ҳақида сўз очди.

“Мудофаа вазирлиги душманни ҳудудларимиздан ҳайдаб чиқариши ва чегара хизмати билан биргаликда мамлакат чегарасининг ишончли ҳимоясини таъминлаши керак. Украина Курск вилоятига ҳужум қилиш орқали келажакдаги тинчлик музокараларида ўз позициясини яхшилашга ҳаракат қилмоқда. Аммо тинч аҳолини ўққа тутаётган ва атом энергияси объектларига таҳдид солаётганлар билан музокаралар ҳақида қандай гаплашишимиз мумкин. Курск вилоятидаги воқеалардан сўнг Россия қўшинларининг фронт чизиғи бўйлаб олдинга силжиш тезлиги нафақат пасаймади, балки 1,5 баробарга ошди. Душман албатта муносиб жавоб олади, олдимизда турган барча мақсадларга эришишимизга шубҳа йўқ. Федерал хавфсизлик хизмати ва Россия гвардияси Украина билан чегарадош ҳудудларда аксилтеррор операцияси режимини таъминлаши керак”.

“Bloomberg” Украинага қарши урушда аскарлар етишмовчилиги кучайиб бораётгани сабабли Россия 2024 йилнинг охиригача ҳарбий сафарбарлик эълон қилишини тахмин қиляпти. Нашр бундай хулосани ўзининг Кремль ва Россия Мудофаа вазирлигига яқин уч нафар манбасига таяниб тақдим қилди. Қайд этилишича, Украина Қуролли кучларининг Курск вилоятидаги амалиёти Россия армиясида мудофаа кучлари захираларининг йўқлигини кўрсатган. Ҳозирда Россия Қуролли кучлари сафлари шартнома асосидаги аскарлар ҳисобидан тўлдирилмоқда, лекин бу етарли эмас.

Владимир Путин 2022 йил сентябрида 300 минг қўшинни сафарбар қилиш тўғрисида буйруқ берган, бу эса россияликлар орасида уруш хавотирининг кучайишига ва бир миллионга яқин одамнинг оммавий чиқиб кетишига сабаб бўлган. 2022 йил урушнинг дастлабки кунларида украинлар урушга рўйхатга олиш бўлимларида, руслар эса мамлакатни тарк этиш ва урушга бормаслик учун аэропортларда ҳозир бўлганди. Шунинг учун Кремль айни мушкул вазиятда бундай тажрибани такрорламасликка ва ҳар ой қўшин сафини 30 минг янги аскар билан  тўлдириш учун пул таклиф қилиш йўлига ўтган. Россия ҳукумати урушга ёллаш миқдори кескин пасайгани сабабли моддий рағбатлантиришни ҳаддан ташқари оширмоқда. Масалан, жорий йилнинг июль ойида Москва мери Сергей Собянин ҳарбий шартномалар имзолаган кўнгиллиларга ойлик маош ва мукофотлардан ташқари шаҳар ҳукумати томонидан ҳар ой бўлиб тўланадиган 600 минг рублдан ташқари 1,9 миллион рубль (22 минг доллар) тўлашга ваъда берган. Умуман олганда, мернинг сўзларига кўра, агар улар омон қолсалар, ёлланганлар биринчи йилда 5,2 миллион рубль олиши кўзда тутилган. Бу эса 2023 йилги пойтахтдаги ўртача йиллик маошдан қарийб уч баробар кўп маош дегани. Собяниннинг бу таклифидан сўнг Путиннинг она шаҳри Санкт-Петербург ҳам тезда унга эргашиб, янги ёлланганларга 1,6 миллион рубль таклиф қилишни бошлади. Аввалроқ эса Путин урушга борадиганларга бир марталик тўловни икки баравар оширгани ҳақида хабар қилинганди. Босқинчилик учун ватанпарварликка чорлаш иш бермади. Ҳар ҳолда ватанпарварлик етишмовчилигини моддий рағбат билан тўлдириш осон бўлмаётгандир.

Энди шартни Киев қўймоқчи

Украина Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Георгий Тихи кеча, 13 август куни Киевдаги брифингда Россия учун кутилмаган баёнот берди. У Россия Украина Президенти Владимир Зеленский таклиф қилган “тинчлик формуласи”даги шартларга рози бўлган тақдирдагина, Украина Қуролли кучлари Курск вилоятидаги ҳужумни тўхтатишини маълум қилди.

“Россия Федерацияси “тинчлик формуласи” асосида адолатли дунёни тиклашга қанчалик тезроқ рози бўлса, Украина мудофаа кучларининг Россия Федерацияси ҳудудидаги рейдлари шунчалик тез тўхтайди”, дейди у. 

Украина Ташқи ишлар вазирлиги вакили БМТ Низомида мустаҳкамланган ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқини ҳисобга олган ҳолда Украинанинг Россия билан чегарадош ҳудудидаги ҳаракатларини “мутлақо қонуний” деб атади. Унга кўра, унинг мамлакати Россия ҳудудларини аннексия қилишдан манфаатдор эмас, балки ўз халқи ҳаётини ҳимоя қилишни истайди.

ТИВ вакилининг таъкидлашича, Украина ўз аҳолиси ва қуролли кучларини ҳимоя қилиш учун Курск вилоятида буфер зона яратишга интилмоқда. Унинг айтишича, биргина июнь ойи бошидан бери Россия Қуролли кучлари Курск вилояти ҳудудидан 255 та бошқариладиган бомба ва 100 дан ортиқ ракеталардан фойдаланган ҳолда Суми вилоятига 2 мингдан ортиқ зарба берган.

Украина армиясининг Курскка отланган қисми айни дамда Курск АЭСидан унчалик узоқда эмас. Бу эса Сирский қўли остидаги аскарлар АЭС томонда ҳам алоҳида рейд уюштириши мумкинлигини истисно қилмайди. Бундан бироз вақт илгари Украина ҳарбийлари Суджа газ станциясини қўлга киритганларидек, мазкур муҳим объектни ҳам ўзиники қилса, бўлажак тинчлик музокаралари учун икки ўртадаги савдо анча қизғин тарзда кечиши ҳеч гап эмас. Зеро, эндиликда Украинанинг Россияга алмашиш учун берадиган анчагина бисоти бор. Агар Курск вилоятининг каттагина қисми расмий Киев назорати остида узоқ вақт қолиб кетса, буёғига урушни тугатиш учун шарт ва талабларни энди Украина қўйиши мумкин.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Путин Украина Владимир Зеленский Курск Уруш

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг