Қуддусда теракт содир этилди. 5 киши ҳалок бўлди (видео)
Олам
−
08 Сентябрь 5168 2 дақиқа
Бугун, 8 сентябрь куни Қуддусдаги йўл чорраҳасида юз берган отишма оқибатида беш киши ҳалок бўлди. Шунингдек, терактни уюштирган икки киши ўлдирилган. Бу ҳақда BBC хабар берди.
Исроил полициясига кўра, икки қуролли шахс шаҳар шимолидаги Рамот чорраҳасида автобус бекатига ўт очган. Хавфсизлик ходими ва бир фуқаро қарши ўт очиб, ҳужумчиларни “зарарсизлантирган”.
Исроил Тез ёрдам хизмати Маген Давид Адомга кўра, ҳалок бўлганлар орасида 30 ёшлар атрофидаги уч эркак, 50 ёшлар атрофидаги бир аёл ва яна 50 ёшлар атрофидаги бир эркак бор. Маҳаллий шифохоналарга ўқдан яраланган тўққиз киши, шунингдек, ойна синиқларидан жароҳатланган яна уч киши етказилган.
“10:13 да тахминан 15 нафар ярадор ҳақида маълумот келиб тушди. Уларнинг отишма оқибатида жароҳатлангани тахмин қилинмоқда. Ҳодиса Рамот чорраҳасида, Игаль Ядин кўчасида юз берган”, дейилади Маген Давид Адомнинг тонгги баёнотида.
Кейинроқ шифокорлар ва тез ёрдам бригадалари беш нафар оғир ярадорга тиббий ёрдам кўрсатаётгани ва уларни Қуддус шифохоналарига олиб кетилгани ҳақида хабар берилган.
“Турлича даражадаги жароҳатлар олган бошқа бир қанча жабрланувчиларга ҳам воқеа жойида тиббий ёрдам кўрсатилмоқда”, дейилади шифокорлар баёнотида.
Исроил нашрларининг хабар беришича, ҳужумчиларнинг нишонларидан бири автобус бўлган. Гувоҳлардан бири “Keshet 12” каналига берган интервьюсида одам тўла автобусда кетаётганида эшик очилиб, отишма бошлаганлар ичкарига кирганини, у орқа эшик ёнида бўлгани сабабли чиқиб, қочишга улгурганини айтган. Аёл яқин атрофдаги бошқа машина тагига яшириниб, отишма тугагунча ўша ерда қолган.
“Ўша ерда тасаввур қилиб бўлмайдиган даражада отишма бўлди. Мен ҳозир тириклигимга ишонмаяпман. Ўша отишмани тасвирлаб бўлмайди”, дейди у.
Ҳозирча бирорта ҳам қуролли гуруҳ ҳужум учун масъулиятни ўз зиммасига олгани йўқ. “The Times of Israel”нинг ёзишича, ҳужумчилар Ғарбий Соҳилдан, Рамаллоҳ атрофидаги қишлоқлардан бўлган. Нашр маълумотига кўра, Исроил армияси ўша ҳудудлар томонга йўл олган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Покистоннинг Афғонистон билан чегарадош Хайбер-Пахтунхва вилоятида номаълум шахс ҳарбий колоннага ҳужум қилиши оқибатида 16 киши ҳалок бўлганди.
Live
Барчаси