Қудбиев тайинланган янги қўмита бўйича Президент қарори чиқди
Жамият
−
20 Ноябрь 2025 7916 2 дақиқа
Президент Шавкат Мирзиёев “Ўзбекистон Республикаси Урбанизация ва уй-жой бозорини барқарор ривожлантириш миллий қўмитаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги янги қарорга имзо чекди.
Бу қарор Президентнинг 2025 йил 19 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикасида уй-жой ва ипотека бозорини барқарор ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ–219-сон фармони ижросини таъминлаш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Урбанизация ва уй-жой бозорини барқарор ривожлантириш миллий қўмитаси фаолиятини ташкил этиш мақсадида қабул қилинган.
Давлат раҳбари бу қарорни қабул қилиш орқали урбанизация ва уй-жой соҳасида давлат бошқаруви самарадорлигини ошириш, Миллий қўмита фаолиятини ташкил этиш, бу соҳада давлат органлари ўртасида ўзаро интеграцияни ташкил этган ҳолда ҳамкорликни янада ривожлантириш ҳамда етакчи хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар билан самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш сингари асосий мақсадларни келтирган.
Қарорга кўра, қуйидаги масалаларни ўз ичига олган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари Миллий қўмита билан мажбурий келишилиши шарт:
- уй-жойлар қурилишида давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чоралари;
- (Нукус ва Тошкент шаҳарларида, вилоятлар марказлари ва бошқа агломерацияларда уй-жой ҳамда нотурар жой мажмуаларини қуриш лойиҳаларини амалга ошириш;
- “Янги Ўзбекистон” массивларида ва бошқа массивларда кўп квартирали уйлар қурилиши бўйича йиллик мақсадли кўрсаткичларни тасдиқлаш;
- комплекс қурилиш лойиҳалари амалга ошириладиган ва “Янги Ўзбекистон” массивлари қуриладиган ҳудудларни белгилаш.
Шунингдек, янги ҳужжатда қўмита бошқарув ходимларининг умумий чекланган сони 50 та штат бирлигидан иборат бўлиши айтилган. Ушбу янги ташкилот лойиҳавий бошқарув тамойили асосида ривожлантириш лойиҳаларини амалга ошириш учун маҳаллий ва хорижий мутахассис ва экспертларни, шу жумладан, олимлар, илмий изланувчилар ва тадқиқотчиларни тўғридан тўғри шартномалар асосида жалб қилиши (ишга олиши) мумкин. Унинг фаолияти давлат бюджети маблағлари ва қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 2023 йил августидан бери Солиқ қўмитаси раиси сифатида ишлаб келаётган Шерзод Давлатович Қудбиев лавозимидан озод этилгани ва Урбанизация ва уй-жой бозорини барқарор ривожлантириш миллий қўмитаси раиси лавозимига тайинлангани хабар қилинганди. Солиқ қўмитасига эса прокуратурадан чиққан раис тайинланганди.
Live
Барчаси