Солиқ қўмитасига прокуратурадан чиққан раис тайинланди
Жамият
−
20 Ноябрь 10664 1 дақиқа
Фаррух Пўлатов Ўзбекистон Республикаси Солиқ қўмитаси раиси лавозимига тайинланди. Бу ҳақда Президент матбуот котиби Шерзод Асадов маълум қилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори билан Фаррух Жаҳонгирович Пўлатов Ўзбекистон Республикаси Солиқ қўмитаси раиси лавозимига тайинланган ва шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Кадастр агентлиги директори лавозимидан озод этилган.
Маълумот учун, Фаррух Пўлатов 1979 йил Фарғона вилоятида туғилган. 2001 йилда Фарғона политехника институти, 2010 йил Тошкент давлат юридик институтини тамомлаган. У 2001 йилдан Фарғона ва Наманган вилоятларининг прокуратура органларида турли лавозимларда фаолият юритган. Бош прокуратура ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаменти (ҳозирги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти) Фарғона бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаган. 2018 йилнинг июль ойидан 2022 йилнинг мартигача “Ўздонмаҳсулот” акциядорлик компанияси бошқаруви раиси сифатида фаолият юритган.
Фаррух Пўлатов 2022 йил 29 мартдан бери Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлигига раҳбарлик қилиб келаётган эди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 2023 йил августидан бери Солиқ қўмитаси раиси сифатида ишлаб келаётган Шерзод Давлатович Қудбиев лавозимидан озод этилгани ва Урбанизация ва уй-жой бозорини барқарор ривожлантириш миллий қўмитаси раиси лавозимига тайинлангани хабар қилинганди.
Live
Барчаси