Қозоғистоннинг янги Конституцияси лойиҳаси мазмуни эълон қилинди
Олам
−
09:15 1791 2 дақиқа
Кеча, 31 январь куни Конституциявий комиссия йиғилишида Қозоғистоннинг янги Конституцияси лойиҳасининг асосий мазмуни тақдим этилди. Бу ҳақда “Tengrinews” хабар берди.
Қайд этилишича, тақдимотни Конституциявий суд раисининг ўринбосари Бахит Нурмуханов ўтказган.
Унинг сўзларига кўра, дастлабки лойиҳа муқаддима, 11 бўлим ва 95 моддадан иборат.
“Конституция муқаддимаси тўлиқ янгиланди. Унда мамлакатнинг ўтмишини улуғлайдиган ва ҳозирги ҳамда келажак учун йўналиш бўлиб хизмат қиладиган умумхалқ қадриятлари акс эттирилган. Лойиҳада Қозоғистон Республикасининг фаолиятига оид янги асосий тамойиллар мустаҳкамланган”, дейди Нурмуханов.
Конституциявий суд сайтида эълон қилинган маълумотга кўра, янги муқаддимада инсон ҳуқуқ ва эркинликлари илк бор давлатнинг асосий устувор йўналиши сифатида эълон қилинмоқда. Бирлик ва бирдамлик, миллатлараро ва динлараро тотувлик Қозоғистон давлатчилигининг пойдевори сифатида белгиланган.
Суверенитет, мустақиллик, унитар тузилма ва ҳудудий яхлитлик ўзгармас қадриятлар тоифасига киритилган.
Шунингдек, илк бор Конституция даражасида адолат, қонун ва тартиб, табиатга эҳтиёткорона муносабат тамойиллари мустаҳкамланган.
Бундан ташқари, лойиҳада давлат ҳокимиятининг ягона манбаи ва суверенитет эгаси Қозоғистон халқи экани аниқлаштирилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қозоғистон Конституцияси матнининг 84 фоизи қайта ёзилиши, тузатишлар эса 77 та моддани қамраб олиши ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси