Қозоғистоннинг Ўзбекистондаги янги элчиси тайинланди

Жамият

image

Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев бугун, 22 июль куни мамлакатнинг Ўзбекистондаги янги элчисини тайинлади. Бу ҳақда “Ақорда” хабар берди.

Тўқаевнинг бугун, 22 июлдаги фармони билан Ерали Туғжанов Қозоғистон Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси этиб тайинланган.

Ерали Туғжанов 1963 йил 13 май куни Ғарбий Қозоғистон вилоятида туғилган. У 1988 йилда Қарағанда давлат университетини, 1994 йилда эса Қозоғистон Фанлар академиясининг Давлат ва ҳуқуқ институтини тамомлаган. Ерали Туғжанов ҳуқуқ фанлари номзоди ва сиёсатшунослик доктори.

У меҳнат фаолиятини 1980 йилда ўрмон хўжалигида ишчи сифатида бошлаган. Кейинчалик Қарағанда давлат университетида ўқитувчи, Қозоғистон давлат юридик университетида декан ва институт директори лавозимларида ишлаган.

2001–2006 йилларда Қарағанда вилояти ҳокими ўринбосари, 2006–2008 йилларда Адлия вазирлигининг Дин ишлари қўмитаси раиси, 2008–2017 йилларда Президент Администрацияси ҳузуридаги Қозоғистон Халқлари ассамблеяси раиси ўринбосари ва котибияти раҳбари бўлган.

2017–2019 йилларда Манғистау вилояти ҳокими, 2019–2020 йилларда Қозоғистон Касаба уюшмалари федерацияси раиси лавозимида ишлаган. 2020–2022 йилларда Қозоғистон Бош вазири ўринбосари, 2022–2023 йилларда эса Ақтўбе вилояти ҳокими бўлган. 2024 йил май ойидан бошлаб Қозоғистон Бош вазирининг маслаҳатчиси лавозимида фаолият юритган.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг