Қозоғистонликлар Эрондан эвакуация қилинди (видео)
Олам
−
14 Июнь 4351 2 дақиқа
Қозоғистон фуқаролари Эрондан Озарбайжонга эвакуация қилинди. Бу ҳақда “Report” хабар берди.
Қайд этилишича, Астара чегара пунктида Қозоғистоннинг олти фуқароси ватанига қайтиш учун Эрондан Озарбайжон чегарасини кесиб ўтган.
“Эрондан эвакуация қилинганлар учун барча зарур шарт-шароитлар яратилган, жумладан, тиббий хизмат кўрсатиш, хоҳловчилар ҳам чегара постида нонушта қилишлари мумкин”, деб қайд этади нашр.
Бир қатор хорижий давлатлар расмий Бакудан ўз фуқароларини эвакуация қилиш учун Озарбайжон ҳудуди орқали қайтаришга ёрдам беришни сўраган.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 13 июнь куни Исроил Эронга ракета ҳужумлари уюштирди. Оқибатда мамлакатнинг бир нечта юқори лавозимли қўмондонлари, шунингдек, тинч аҳоли вакиллари ҳалок бўлди. Шунингдек, ядровий иншоотлар зарар кўрди. Умуман олганда, Исроилнинг 13 июнга ўтар кечаси бошланган йирик зарбалари Эроннинг 20 га яқин юқори мартабали ҳарбий раҳбарлари ва асосий ядровий олимларининг ҳаётига зомин бўлди.
Ўзбекистоннинг Эрон ва Исроилдаги элчихоналари ушбу мамлакатлардаги фуқароларга огоҳлантириш билан чиқиб, қатъий эҳтиёт чораларини кўришга чақирди. Шунингдек, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳам фуқароларга тегишли мурожаат билан чиқди.
БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш Исроилнинг Эрон ядровий объектларига берган зарбаларидан хавотир билдириб, томонларни босиқликка чақирди.
Исроил томонидан Эронга қарши амалга оширилган кенг кўламли ҳужумлардан сўнг, Эрон Исроилга қарши ўз жавоб зарбаларини йўллади. Эрон ҳарбий кучлари томонидан Исроил ҳудудига қарата 200 дан ортиқ дрон ва баллистик ракеталар учирилган. Исроил Мудофаа кучлари ушбу зарбаларни тасдиқлаган ва ҳаво мудофаа тизимлари зудлик билан ишга туширилган. ЦАХАЛ расмий баёнотида айтилишича, Исроил ҳаво мудофааси катта миқдордаги ҳужумчи дрон ва ракеталарни тутиб қолишга муваффақ бўлган. Дастлабки маълумотларга кўра, ҳужум оқибатида 5 киши ҳалок бўлган ва 10 дан ортиқ киши жароҳат олган. Исроил томони эса 1 кишининг ўлимини тасдиқлаган.
Live
Барчаси