Қозоғистондаги “январь воқеалари” иштирокчиларига 1822 та жиноий иш қўзғатилди
Олам
−
22 Январь 2022
6086Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот идоралари терроризм, қотиллик ва ҳукумат амалдорларига зўравонлик қўллаш фактлари бўйича 1822 та жиноий иш қўзғатган. Ички ишлар вазири Ерлан Тургумбоев мамлакатнинг барча ҳудудларида ўтказилаётган “Ҳуқуқ-тартибот” тезкор-профилактика чора-тадбирлари тўғрисида Президент Қосим-Жомарт Тўқаев ҳузурида ҳисобот берди.
Қайд этилишича, аҳоли томонидан ноқонуний сақланаётган қуролларни тортиб олиш давом этмоқда. Терроризм, қотиллик, давлат хизматчиларига нисбатан зўравонлик, безорилик, давлат биноларига ҳужум қилиш ва бошқа жиноятлар бўйича жами 1822 та жиноят иши қўзғатилиб, уларнинг 116 таси прокуратура органларига ўтказилган.
Йиғилишда Миллий хавфсизлик қўмитаси раиси Ермек Сагимбаев террорчилик таҳдидларини зарарсизлантириш ва келгусида уларнинг олдини олиш механизмини ишлаб чиқиш чора-тадбирлари ҳақида маълумот берган.
Шунингдек, Бош прокурор Гизат Нурдаулетов террорчилик ва оммавий тартибсизликлар фактлари юзасидан олиб борилган тергов ишлари бўйича ҳисобот тақдим этган. Унга кўра, судлар томонидан 3314 нафар шахс маъмурий қамоққа олинган.
Прокурорлар томонидан апелляция тартибида жазони енгиллаштириш бўйича 1884 та ариза киритилиб, улар кўриб чиқилиб, 1083 нафар шахс ҳибсдан озод этилган.
Таъкидланишича, Мудофаа вазири Руслан Жақсилиқов Қуролли кучлар бўлинмалари ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар билан биргаликда мамлакатнинг террорчилик хавфи “қизил” даражасига эга бўлган ҳудудларида ҳуқуқ-тартиботни таъминлаш бўйича вазифаларни бажаришда давом этаётганини маълум қилган. Унга кўра, ҳарбий объектлар, жумладан, ўқ-дорилар ва қурол-яроғ омборлари қаттиқ қўриқлаш остида.
Президент Тўқаев “январ фожиаси”нинг барча ҳолатларини аниқлаш бўйича ишларни давом эттириш зарурлигини маълум қилган. У Ички ишлар вазирлиги ва Бош прокуратурага фуқароларнинг ўлими билан боғлиқ ҳар бир ҳолатни ҳар томонлама чуқур ўрганиш бўйича топшириқ берди.
“Биз жамият бўлиб ўтган воқеалар ҳақида тахмин ва иғволар асосида ўз фикрини шакллантиришига йўл қўя олмаймиз”, деган Тўқаев.
Унинг таъкидлашича, фуқаролар ҳокимият "шаффофлик ва қонунийликни" таъминлаётганини кўришлари керак.
LiveБарчаси