Қозоғистондаги ҳарбий қисмда яна портлаш юз берди (видео)
Олам
−
10 Октябрь 2021
9249Бугун, 10 октябрь куни Қозоғистоннинг Жамбил вилоятида жорий йилнинг август ойида ёниб кетган ҳарбий қисмнинг ўқ-дорилар омбори ҳудудида номаълум объект портлаб кетди. Ҳодиса оқибатида ҳеч қандай шикастланишлар бўлмаган. Бу ҳақда мамлакат Мудофаа вазирлиги маълум қилди.
“Тахминан соат 07:20 да Жамбил вилояти Сарикемер қишлоғидаги муҳандислик ўқ-дорилар омбори ҳудудида ёнғин оқибатида шикастланган портловчи мослама ишга тушиб кетди. Портлаш натижасида парчаларнинг узоққа тарқалиши кузатилмади. Ўша пайтда иш олиб борилмаётганди ҳамда яқин атрофда одамлар йўқ эди. Биноларга ҳам зарар етмади”, дейилади Мудофаа вазирлиги хабарида.
Қўшимча қилинишича, келажакда шунга ўхшаш ҳолатлар истисно қилинмайди. Бундан ташқари, омбор ҳудудида ўқ-дориларни назорат остида йўқ қилиш ишлари олиб борилмоқда. Айни вақтда жорий йилнинг 26 август куни юз берган ёнғин оқибатларига қарши техник ҳудудда тозалаш ишлари ўтказилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, жорий йил август ойида Жамбил вилоятида муҳандислик ўқлари сақланадиган ҳарбий қисм омборида ёнғин содир бўлганди. Ўшанда камида 10 та портлаш қайд этилган.
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълумотларига кўра, 100 га яқин жабрланувчилар шифохоналарга ётқизилган, уларнинг 49 нафари маҳаллий фавқулодда вазиятлар бўлими ходимлари эди. Портлашлар оқибатида 17 киши ҳалок бўлган, улардан 10 нафари фуқаро муҳофазаси офицери, 6 нафари Мудофаа вазирлиги ходими ва яна бири ҳарбий прокурор эди. Бундан ташқари, бир аскар бедарак йўқолган.
Ушбу воқеадан сўнг, мамлакат Мудофаа вазири Нурлан Ермекбаев ўз ихтиёри билан истеъфога чиқишга тайёрлигини маълум қилган. Орадан бир неча кун ўтгач эса Президент Қосим-Жомарт Тўқаев унинг истеъфосини қабул қилган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь