Қозоғистонда полиция бошлиғи 27 ёшли маҳбусни зўрлади

Олам

image

Қозоғистоннинг Еттисув вилояти Толдиқўрғон шаҳар полицияси бошлиғи томонидан 27 ёшли маҳбус қиз зўрланди. Бу ҳақда Сенат йиғилишида Қозоғистон Республикаси Ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Марат Кожаев маълум қилди. 

“Толдиқўрғон ИИБ бошлиғининг айби аниқланди. Вазир полиция бошлиғидан тортиб, ўринбосарларигача ишдан бўшатди. Бу уятли факт, буни тан олишимиз керак. Биз ҳамманинг фикрини била олмаймиз, кўплаб текширувлар ўтказилди. У бу жиноятни содир этган, бунинг учун жавоб беради”, дейди Марат Кожаев.

Ишдан бўшатилганларнинг исмларини бир кун аввал Ички ишлар вазирлиги раҳбари Ержан Саденов эълон қилган эди. Унинг сўзларига кўра, булар вилоят ИИБ бошлиғи Атигай Аристанов, шунингдек, унинг кадрлар сиёсати бўйича ўринбосарлари Талант Жумабеков ва тергов бўйича Максат Ережеповлардир.

Гап шундаки, Толдиқўрғон шаҳар Ички ишлар бўлими бошлиғи Марат Куштибоевнинг қўлга олингани шу йилнинг 13 ноябрь куни маълум бўлган. У 27 ёшли маҳбусни зўрлаганликда гумон қилинган.

Қизнинг адвокатига кўра, у жамоат тартибини бузганликда айбланиб, ички ишлар бўлимига олиб кетилган. Ҳибсга олинган шахс терговчининг кабинетида бўлганида, уни чақиришади.

“Сизга ўхшаган гўзал қизга протокол тузмайман, деган сўзлар билан унга тегиниб, жинсий алоқа қилишга мажбурлаган”, дейди адвокат.

Куштибоевга нисбатан Қозоғистон Республикаси Жиноят кодексининг 12-моддаси 2-қисми “Шахс томонидан хизмат вазифасини бажараётганда содир этилган зўрлаш” бўйича иш қўзғатилган. Тергов ишлари Қозоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан алоҳида назоратга олинган. Куштибоев икки ойга ҳибсга олинган.

Марат Куштибоев 2022 йилдан буён Толдиқўрғон шаҳар ички ишлар бўлимига раҳбарлик қилиб келаётганди. У узоқ йиллар Талгар тумани, Или тумани ва вилоят маъмурий полиция хизматида ишлаган, 2019 йилда Олмаота вилояти маҳаллий полиция хизмати бошлиғи этиб тайинланган.

Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг апрель ойида Хоразмдаги Меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари (3 нафар қиз) 10 ой давомида вилоят Адлия бошқармаси бошлиғи Ойбек  Машарипов ва Янгиариқ тумани Фавқулодда вазиятлар бўлими бошлиғи Анвар Қурязов томонидан зўрлаб келингани маълум бўлганди. Дастлаб Хива туман суди уларга нисбатан 1,5 йил озодликни чеклаш жазосини тайинлаганди. Шунингдек, уларга шароит яратиб берган болалар уйи раҳбари 5 ярим йилга қамалганди.

Кейинчалик Ойбек Машарипов ва Анвар Қурязовга 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. 


Мақола муаллифи

Теглар

Қозоғистон зўрлаш

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг