Хоразмда етим қизларни зўрлаган педофил амалдорларга ҳукм ўқилди
3-саҳифа
−
03 Ноябрь 2023
26027Бугун, 3 ноябрь куни Тошкент шаҳар судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясида Хоразмдаги меҳрибонлик уйида қизларни зўрлаган амалдорларга оид жиноят ишини апелляция тартибида янгидан кўриб чиқиш бўйича суд жараёни якунланиб, суд ҳукми эълон қилинди. Бу ҳақда Олий суд матбуот котиби Азиз Обидов хабар қилди.
Билдирилишича, ушбу жиноят иши Жиноят-процессуал кодексининг 19-моддаси (судда жиноят ишларининг ошкора кўрилиши) талабларига мувофиқ ёпиқ суд мажлисида кўриб чиқилган.
“Тошкент шаҳар суди жиноят ишлари бўйича апелляция инстанциясининг 2023 йил 3 ноябрдаги ҳукми билан жиноят ишлари бўйича Хива туман судининг 2022 йил 6 сентябрдаги ҳукмининг А. М. ва А. Қ. га оид қисми бекор қилиниб, судланувчилар А. М. ва А. Қ. Жиноят кодексининг олдинги таҳрирдаги 128-моддаси (ўн олти ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилиш) 1-қисми ва 128-1-моддаси (ўн олти ёшдан ўн саккиз ёшгача бўлган шахсга моддий қимматликлар бериш ёхуд уни мулкий манфаатдор этиш орқали у билан жинсий алоқа қилиш) да назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилди ва Жиноят кодексининг 59-моддаси (бир неча жиноят содир этганлик учун жазо тайинлаш) тартибида уларнинг ҳар бирига узил-кесил 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди”, дейди олий суд матбуот котиби.
Шу тариқа судланувчиларга нисбатан қўлланилган “гаров” тарзидаги эҳтиёт чораси бекор қилиниб, Ойбек Машарипов ва Анвар Қурязов суд залидан қамоққа олинган.
Эслатиб ўтамиз, шу йининг апрель ойида Хоразмдаги Меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари (3 нафар қиз) 10 ой давомида вилоят Адлия бошқармаси бошлиғи Ойбек Машарипов ва Янгиариқ тумани Фавқулодда вазиятлар бўлими бошлиғи Анвар Қурязов томонидан зўрлаб келингани маълум бўлганди. Хива туман суди уларга нисбатан 1,5 йил озодликни чеклаш жазосини тайинлаганди. Шунингдек, уларга шароит яратиб берган болалар уйи раҳбари 5 ярим йилга қамалганди. Уч нафар судланувчи ҳукм устидан Хоразм вилояти судига шикоят қилган, лекин апелляция инстанцияси ҳукмни ўзгаришсиз қолдирган.
Кейинчалик Ойбек Машарипов ва Анвар Қурязовларга енгил жазо тайинланганлиги ва бошқа ҳолатлар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Олий суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати кассация инстанцияси судига протест келтирилган. Иш апелляция тартибида янгидан кўриб чиқиш учун Тошкент шаҳар судига юборилган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь