Қозоғистонда қизамиққа чалинган 30 боланинг аҳволи оғирлиги айтилди
Саломатлик
−
28 Ноябрь 2023
2668Қозоғистонда қизамиқ билан касалланган 30 нафар боланинг аҳволи оғир. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазири Ажар Гиният маълум қилди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, Қозоғистонда 17 мингдан ортиқ қизамиқ касаллиги қайд этилган, уларнинг 82 фоиздан ортиғи болаларда, жумладан, 83 фоизи эмланмаган болаларда учрайди.
Қайд этилишича, қизамиқ билан касалланиш ҳолатлари барча ҳудудларда аниқланган. Ҳудудлар кесимида:
• Чимкентда – 3 мингдан ортиқ ҳолат;
• Олмаота ва Жамбил вилоятида – 2 мингдан ортиқ ҳолат;
• Олмаота, Манғистау, Ақтўбе, Қизилўрда, Атирау вилоятларида – мингдан ортиқ ҳолат.
Соғлиқни сақлаш вазирининг маълум қилишича, 2023 йил сентябр ойидан бошлаб болаларнинг уюшган гуруҳларга тўпланиши туфайли касалланишнинг кескин ўсиши кузатилмоқда.
“Натижада касалланиш икки баравар ошди. Ноябрь ойида 6 мингдан ортиқ ҳолат қайд этилди. Бугунги кунда мамлакатимизда қизамиқ билан касалланган беморлар учун шифохоналарда 3,5 мингдан ортиқ ўрин бор. 2 минг 375 нафар бола стационарда даволанмоқда, шифохоналар бандлиги 60 фоизни ташкил этади. Тўшак захираси – 1093.
Шифохоналарда беморлар ўринларининг тўлиши Жамбил вилоятида – 92 фоиз, Олмаотада – 88 фоиз, Туркистон вилоятида – 81 фоиз, Чимкентда – 79 фоизга тенг. Шифохонага ётқизилганларнинг 30 нафари оғир аҳволда реанимацияда даволанмоқда, шундан 15 нафари бир ёшгача бўлган болалардир. Ўлим ҳолатлари қайд этилмади”, дейди вазир ҳукумат йиғилишида.
Эслатиб ўтамиз, 25 ноябрь куни Ўзбекистон Санитария-эпидемиология қўмитаси Наманган вилоятида 235 бола қизамиққа чалиниб, даволанаётганини очиқлади.
LiveБарчаси