Бангладешда қизамиқдан 100 нафар бола ҳалок бўлди

Олам

image

Бангладешда тез тарқаладиган қизамиқ касаллиги оқибатида юздан ортиқ бола ҳалок бўлди. Мамлакатда фавқулодда эпидемиологик ҳолат эълон қилинди. Бу ҳақда Бангладеш Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар берди.

Қайд этилишича, кеча, 5 апрель куни Бангладеш ҳукумати ёмонлашиб бораётган эпидемиологик вазият ортидан мамлакатда фавқулотда ҳолат эълон қилган. Натижада ҳудудлардаги соғлиқни сақлаш марказларида шошилинч эмлаш кампаниялари бошланган. Мутахассислар буни мамлакат соғлиқни сақлаш тизимида сўнгги 50 йилликдаги энг оғир ҳолат эканлигини қайд этмоқда.

“5 апрель куни ҳукумат томонидан эълон қилинган фавқулодда ҳолатдан сўнг мамлакат ҳудудида минглаб эмлаш марказлари ташкил қилинди. Бангладеш Соғлиқни сақлаш вазирлиги жорий йилнинг 15 мартидан 1 апрелига қадар 7 500 дан ортиқ беморнинг касалланганини аниқлади. Булардан 900 нафари тўлиқ эмланди”, дейилади Бангладеш Соғлиқни сақлаш вазирлиги баёнотида.

2025 йилда бутун мамлакат бўйлаб атиги 125 та қизамиқ ҳолати аниқланган. 2026 йилнинг дастлабки чорагида касалликни юқтириб олиш 60 баробарга ошган. Шунингдек, Соғлиқни сақлаш вазирлиги мамлакатнинг чекка ҳудудларида UNICEF томонидан олиб борилаётган инсонпарварлик ёрдами доирасидаги эмлаш кампанияларига ўз миннатдорлигини билдирган.

“Вакцина болалар омон қолиши учун асосий таянчдир.  Касаллик минглаб болаларни, айниқса энг кичик ва заифларнинг ҳаётини хавф остига қўймоқда. Биз уларни даволаш учун нима зарур бўлса бажарамиз”, дейди UNISEF’нинг Бангладешдаги вакили Рана Фловерс.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг қайд этишича, 170 миллион аҳоли истиқомат қиладиган Бангладешда чақалоқ қизамиққа қарши вакцина билан камида тўққиз ойга тўлганидан сўнг эмланади. Аммо статистикага кўра, касаликка чалинган болаларнинг учдан бир қисмини ҳали тўққиз ойга тўлмаган болалар ташкил қилади.

Бангладеш соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан одатий эмлашлардан ташқари ҳар тўрт йилда қизамиққа қарши махсус эмлаш кампанияларини ўтказиш режалаштирилган. Аммо мамлакатда 6 йилдан буён оммавий эмлаш жараёни амалга оширилмаган. Ҳукумат буни COVID-19 ва 2024 йилда бўлиб ўтган сиёсий беқарорликлар билан изоҳлайди. Бангладешда қизамиққа қарши сўнгги эмлаш жараёни 2020 йилнинг март-апрель ойида бўлиб ўтган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Хитойда илгари учрамаган янги турдаги яшур касаллиги (чорва орасида тез юқадиган вирус) аниқлангани ҳақида хабар берилган эди.

Ҳожиакбар Муҳаммаджонов


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Бангладеш қизамиқ

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг