Қозоғистонда электрон сигареталар сотиш тақиқланди
Олам
−
25 Январь
4516Қозоғистон парламенти хориждан электрон сигарета(вейп)лар олиб кириш, ишлаб чиқариш ва сотишни тўлиқ тақиқловчи қонунни қабул қилди. Бу ҳақда "Tengrinews" хабар берди.
Ҳужжатда қонунбузарлар учун жиноий жавобгарлик назарда тутилган. Унга кўра:
- вейп сотганлик учун максимал жазо - 50 суткагача қамоқ;
- олиб кириш ва тарқатиш учун - 2 йилгача озодликдан маҳрум қилиш;
- жиноий гуруҳ томонидан ёки ўта йирик миқдорда ёхуд такроран содир этилган ҳаракатлар учун - 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш.
Бундан ташқари, тиббиёт ходимларига беморнинг индивидуал хусусиятларига қараб энг яхши даволаш усулларини танлаш имкониятини бериш учун тиббий ёрдам кўрсатишда клиник протоколлардан мажбурий фойдаланиш истисно қилинади.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ ЖССТ болалар орасида электрон сигареталар ва вейплардан фойдаланишнинг ошишидан хавотир билдирганди.
“Сўнгги 4-5 йил ичида бу ташвишли ўсишдир. Қатор мамлакатларда биз электрон сигареталар ва вейпинг қурилмаларидан фойдаланиш мактаб ёшидагилар орасида оммалашаётганини кузатяпмиз. Буюк Британия ва АҚШда кашандаликнинг янги тури олдинги кўрсаткичларга қараганда 150 фоизга, шунингдек, болалар орасида икки баробарга кўпайган”, деганди ЖССТнинг Соғлиқни сақлашни мустаҳкамлаш бўйича директори Рудигер Креч.