Қозоғистонда биринчи АЭС қурилиши бошланди

Олам

image

Қозоғистон Атом энергетикаси агентлиги раиси Алмасадам Сатқалиев ва “Росатом” бош директори Алексей Лихачёв мамлакатдаги биринчи АЭС қурилишига старт берди. Бу ҳақда “Tengrinews” хабар берди.

Алмасадам Сатқалиевнинг айтишича, АЭС қурилиш ишлари Олмаота вилоятида бошланади.

“Қурилишга тайёргарлик жараёнидаги муҳим босқич – муҳандислик-изланиш ишлари бошланмоқда. Бу босқич нафақат аниқ жойлашув ва станция конфигурациясини танлаш, балки бутун лойиҳа хавфсизлиги, ишончлилиги ва иқтисодий самарадорлигини ҳам белгилайди. АЭС бу стратегик лойиҳа бўлиб, атом саноати ривожланишининг, саноат-инновацион тараққиётнинг ва узоқ муддатли иқтисодий ўсишнинг асосий ҳаракатлантирувчи кучига айланади”, деган агентлик раиси. 

Унинг сўзларига кўра, лойиҳа қиймати тахминан 14–15 миллиард долларни ташкил этади. Бундан ташқари, 1 миллиард доллар ижтимоий объектлар ва инфратузилма қурилишига йўналтирилади.

Маросим давомида Сатқалиев, Лихачёв ва бошқа расмий меҳмонлар АЭС қурилишига расмий старт берувчи тугмани босган. Қозоғистон Атом энергетикаси агентлиги мамлакатдаги биринчи АЭС макети суратларини ҳам эълон қилган. 

Маълумот учун, Қозоғистонда АЭС қурилишини якунлаш муддати тахминан 2035–2036 йилларга белгиланган. 

Эслатиб ўтамиз, Қозоғистон Атом энергетикаси агентлиги халқаро экспертлар иштирокида мамлакатдаги биринчи АЭС қуриш бўйича халқаро консорциум раҳбари сифатида Россиянинг “Росатом” давлат корпорациясини танлаганди. “Росатом”нинг Қозоғистонда АЭС қуриш бўйича лойиҳаси энг мақбул ва фойдали, деб топилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Қозоғистон Росатом АЭС Олмаота Алмасадам Сатқалиев

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг