Қозоғистонда АЭС қурилиши бўйича референдумнинг дастлабки натижалари эълон қилинди
Олам
−
07 Октябрь
5099Қозоғистонда кеча, 6 октябрь куни атом электр станцияси қурилиши бўйича ўтказилган референдумнинг дастлабки натижалари эълон қилинди. Унга кўра, овоз берганларнинг 71,12 фоизи АЭС қурилиши тарафдори бўлган. Бу ҳақда мамлакат Марказий сайлов комиссиясига таяниб, “Nur.kz” хабар берди.
Марказий сайлов комиссияси маълумотларига кўра, 5 561 937 киши (71,12 %) АЭС қурилиши учун “ҳа” деб овоз берган. Қарши бўлганлар сони эса 2 045 271 кишини ташкил этган (28,88 %). Овоз бериш ҳуқуқига эга бўлган қозоғистонликларнинг 63,66 фоизи референдумда иштирок этган. 130 минг бюллетень ҳақиқий эмас деб топилган бўлса, 82 минг бюллетенларда иккала жавоб варианти белгиланган.
Маълумот учун, ўтган йили мамлакат Энергетика вазирлиги станция Олмаота вилоятининг Жамбил туманидаги Улкен қишлоғида қурилиши мумкинлигини маълум қилган. Бироқ, ҳозирча станция учун технологиялар етказиб берувчи танланмаган. Мамлакат Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев агар фуқаролар атом электр станциясини қуришни қўллаб-қувватласа, бу ишни халқаро компаниялар консорциуми амалга ошириши зарурлигини таъкидлаган.
“Бу осон масала эмас. Ҳукумат таҳлил ўтказиши, музокаралар олиб бориши керак. Аммо менинг шахсий фикрим шуки, Қозоғистонда энг илғор технологияларга эга халқаро компаниялар консорциуми ишлаши керак. Қолганини вақт кўрсатади”, дейди Тўқаев овоз бериш участкасида журналистларнинг саволига жавобан.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қозоғистонда атом электр станциясини қуриш бўйича республика референдуми бўлиб ўтаётгани хабар қилинган эди. Овоз бериш 6 октябрь соат 20:00 гача давом этган.
LiveБарчаси
16:25