Қозоғистонда 4 ёшли бола 39 та магнит шарни ютиб юборди (видео)
Олам
−
06 Январь 2025 6306 2 дақиқа
Қозоғистоннинг Оқмола вилояти болалар шифохонасида жарроҳлар беш соатлик мураккаб операцияда 37 та магнит шарни ютиб юборган тўрт ёшли боланинг ҳаётини сақлаб қолди. Бу ҳақда “Tengrinews” хабар берди.
Нашрнинг ёзишича, жорий йилнинг 2 январь куни Зеринда туманида яшовчи бола қайт қилиш ва қорин оғриғидан шикоят қилиб, туман шифохонасига олиб борилган. Рентген текшируви натижасида боланинг ичагида бегона жисм борлиги аниқланган. Боланинг онасининг сўзларига кўра, 2024 йил 31 декабрь куни у фарзандининг оғзидан бир неча магнит шарчаларни олиб ташлаган ва ҳаммаси тугади деб ўйлаган. Бироқ бола ўша пайтда кўпроқ магнитларни ютиб юборган. Қайт қилиш сабабини Янги йилда кўп овқат еганликдан деб ўйлаган ота-она ҳолатдан ташвишланмаган. Учинчи куни боланинг аҳволи ёмонлашгачгина уни шифохонага олиб борган.
Шифокорлар болани зудлик билан текшириб, операцияга тайёрлаган. Вақт ўтгани сабабли магнитлар боланинг ичакларига тарқалган ва уларнинг айримлари ичакларни тешиб ўтган.
“Магнитлар боланинг ичакларини шикастлаб, перитонит (ичакларнинг яллиғланиши)ни келтириб чиқарган. Шу сабабли операцияни бажариш жуда қийин бўлди ва деярли беш соат давом этди. Биз лапароскопик усул орқали 39 дона магнит шарчаларни олиб чиқдик”, деди болалар жарроҳи Салимжон Жақупов.
Ушбу жарроҳлик амалиётида бош жарроҳ Ернар Кожабеков ва унинг ассистенти Жақупов иштирок этган. Шифокорларнинг таъкидлашича, бу каби ҳолат сўнгги олти ой ичида учинчи бор қайд этилмоқда. Илгари 12 ёки 24 магнит ютиб юбориш ҳолатлари учраган бўлса, бу сафар магнитлар сони деярли 40 тага етган. Тезкор тиббий ёрдам ва муваффақиятли жарроҳлик туфайли боланинг ҳаёти сақлаб қолинган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Туркияда 5 ёшли қизнинг ичакларидан 38 та магнит доначалари топилган эди. Бурса вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан берилган баёнотга кўра, бола магнитли мунчоқни ўйнаётиб, билагузукни ютиб юборган. Вазиятни англаб етган боланинг ота-онаси шифокорга мурожаат қилган.
Live
Барчаси