Қозоғистон Ўзбекистон билан чегарани қачондан очишини эълон қилди
Олам
−
07 Апрель 2022
12321Жорий йилнинг 11 апрелидан Қозоғистон Ўзбекистон билан қуруқлик чегараларини очади. Бу ҳақда Қозоғистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Ерали Тугжанов раислигида Қозоғистонга коронавирус инфекциясининг кириб келиши ва тарқалишини олдини олиш бўйича идоралараро комиссия йиғилишида айтиб ўтилди.
Эпидемиологик вазият барқарорлашганини ҳисобга олиб, Қозоғистон Республикаси ҳудудида коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш бўйича идоралараро комиссия жорий йилнинг 11 апрелидан бошлаб Қозоғистон Республикаси фуқаролари, фуқаролиги бўлмаган шахслар ва чет элликлар томонидан Россия Федерацияси, Ўзбекистон ва Қирғизистон республикалари билан қуруқликдаги ўтказиш пунктларида республика Давлат чегарасини кесиб ўтишга қўйилган чекловларни бекор қилиш тўғрисида қарор қабул қилди..
Шунингдек, Қозоғистон Республикаси Давлат чегарасини ҳаво орқали кесиб ўтишдаги барча чекловлар олиб ташланди. Чегарадан ўтишда ПЗР-тест манфий чиққани ёки коронавирусга қарши тўлиқ эмланганлик тўғрисидаги сертификатни кўрсатиш талаби сақлаб қолинади.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 15 март куни Республика махсус комиссиясининг Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш борасида ҳамда аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлаш бўйича амалга оширилиши лозим бўлган қўшимча чора-тадбирларга бағишлаб ўтказилган йиғилишида Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида халқаро йўловчи поездлар қатновларини ҳамда автобус йўналишларида паритет асосида йўловчи ташиш фаолиятини карантин талабларига қатъий риоя этган ҳолда қайта тикланиши маълум қилинган эди.
Бироқ Қозоғистондаги эпидемиологик вазият туфайли расмий Нур-Султон мунтазам поезд ва автобус қатновларини тиклашни кечиктирганди.
LiveБарчаси