Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида автобус қатновларини йўлга қўйиш кечиктирилди
Жамият
−
04 Апрель 2022
13191Ўзбекистон ва Қозоғистон Республикалари ўртасидаги мунтазам халқаро автобуслар қатнови бошланиши бошқа муддатга қолдирилди. Бу ҳақида Транспорт вазирлиги хабар бермоқда.
Таъкидланишича, Қозоғистон ҳудудида коронавирус инфекцияси пайдо бўлиши ва тарқалишининг олдини олиш бўйича Идоралараро комиссия йиғилиши баённомасига мувофиқ қўшни давлатда карантин чекловлари жорий этилган. Шу сабабли халқаро транзит йўловчи поездлари ва автобус қатновларини йўлга қўйиш бошқа санага қолдирилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Транспорт вазирлиги хабар берди.
“Айни дамда мамлакатлар ўртасида халқаро йўловчи поездлари ва мунтазам автобус қатновларини қайта тиклаш юзасидан Қозоғистоннинг тегишли вазирлик ва идоралари билан музокаралар олиб борилмоқда”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги халқаро автобус қатновлари коронавирус пандемияси сабабли 2020 йил 16 март куни тўхтатилган эди.
Жорий йилнинг 1 апрель санасидан бошлаб Нукус – Бейнеу – Нукус йўналишидаги 647/648-сонли поезд қатнови йўлга қўйилиши тўғрисида маълум қилинган эди. Аммо кейинроқ қўшни давлат ташаббуси билан қатновларни йўлга қўйиш кечиктирилди.
Шунингдек, жорий йилнинг 15 март куни Республика махсус комиссиясининг Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш борасида ҳамда аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлаш бўйича амалга оширилиши лозим бўлган қўшимча чора-тадбирларга бағишлаб ўтказилган йиғилишида Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида халқаро йўловчи поездлар қатновларини ҳамда автобус йўналишларида паритет асосида йўловчи ташиш фаолиятини карантин талабларига қатъий риоя этган ҳолда қайта тикланиши маълум қилинган эди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь