"Қозоғистон учун хушхабар”. Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўли қурилиши қолдирилди
Жамият
−
30 Сентябрь 2023
21014Хитой Қирғизистон орқали Ўзбекистонга ўтадиган темир йўл қурилишини номаълум муддатга қолдирди. Бу ҳақда “Silk Road Briefing” хабар берди.
“Хитой жорий йилнинг кузида қурилиши бошланиши керак бўлган Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўл линияси қурилишини номаълум муддатга қолдирди. Бу Қозоғистон учун ижобий янгилик, чунки бу йўналиш Хитой товарларини Россияга етказиб бериш учун муқобил бўлиб, Остонани божхона расмийлаштируви йиғимларидан маҳрум қиларди”, деган Транс-Евросиё транспорти бўйича халқаро мувофиқлаштирувчи кенгашининг бош котиби Геннадий Бессонов.
Унга кўра, бир қатор масалалар, биринчи навбатда, молиявий масалалар бўйича келишмовчиликлар иш бошланишига тўсқинлик қилмоқда.
“Лойиҳа тайёр, бироқ Пекин, Бишкек ва Тошкент ҳалигача пул, аниқроғи, молиялаштириш улуши бўйича келишиб олгани йўқ. Қирғизистон ва Ўзбекистон транспорт ҳабига айланмоқчи, лекин лойиҳа учун тўлашга маблағлари йўқ. Хитой ўзи темир йўл қуриши мумкин, лекин бу лойиҳани устувор деб ҳисобламайди. Ҳамма нарса пулга боғлиқ”, дея қўшимча қилган Бессонов.
Қозоғистон Стратегик тадқиқотлар институти қошидаги зилзилага чидамли Қурилиш илмий-тадқиқот институти раҳбари Раимқул Мендекеевнинг фикрича, Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўл лойиҳаси Москва ва Остона манфаатларига тўғри келмайди. Шунингдек, у лойиҳага сиёсий сабаблар тўсқинлик қилаётганини айтган.
“Қирғизистонда темир йўл йўқ, биз юкларни Қозоғистон орқали олиб ўтамиз. Бизнинг иқтисодий жиҳатдан қарамлигимиз улар учун манфаатлидир. Бир сўз билан айтганда, улар бизнинг ўз темир йўлимиз бўлишини хоҳламайдилар”, деган Мендекеев.
Маълумот ўрнида, ушбу йўналиш Хитой ва Ўзбекистон темир йўл тармоқларини Қирғизистон ва Туркманистон орқали Эрон, Туркия ҳамда Европага боғлаши керак эди. Ушбу лойиҳанинг қиймати 1,34 млрд долларга баҳоланмоқда.
Акобир Сайидов
LiveБарчаси