Қозоғистон томони блэкаутда Ўзбекистонни айблади
Олам
−
28 Январь 2022
30638Қозоғистон жорий йилнинг 25 январь куни Марказий Осиёнинг ягона электр тармоғида кузатилган йирик узилишга Ўзбекистондаги ИЭСда юз берган қисқа туташувни сабаб қилиб кўрсатмоқда. Бу ҳақда “Tengrinews” нашри маълум қилди.
Қозоғистон электр тармоқларини бошқариш компанияси (KEGOC) бошқаруви раисининг ўринбосари Бахитхон Жазиқбоевга кўра, Сирдарё ИЭСда авария юз бериб, станциянинг 4 та энергетика блоки ишдан чиққан. Бу Қозоғистон энергетика тизимидаги юкнинг ошишига олиб келган.
“Ўзбекистонда 2022 йил 25 январь куни соат 10:59 (Тошкент вақти билан)да Сирдарё ИЭСда қисқа туташув туфайли 6 та энергоблок ўчирилди, 1500 мегаваттдан ортиқ умумий ишлаб чиқариш қуввати йўқолди ва электр қуввати тақчиллиги кузатилди. Ўзбекистон энергетика тизимида юзага келган электр қуввати тақчиллиги Қозоғистон энергетика тизимидан рухсатсиз электр энергиясини узиб қўйишга олиб келди. Натижада, 500 киловолтлик транзит учун қувват кўтарилиб, унинг ортиқча юкланиши кузатилди. Энергетика ускуналари шикастланишининг олдини олиш ва мамлакатнинг жанубий вилоятларини автоматлаштириш ҳаракати билан тўлиқ қутқариш мақсадида Олма-ота, Жамбил, Туркистон ва Қизилўрда вилоятларини алоҳида ишлашга ўтказиш билан транзит тақсимоти юзага келди”, дейилади KEGOC хабарида.
Қайд этилишича, Ўзбекистон ва Қирғизистоннинг энергетика тизимлари тўлиқ ишдан чиққан, барча электр станциялари ва истеъмолчилар таъминоти тўхтатилган. Ўзбекистон энергетика тизимида узилган юкланиш тахминан 9600 МВт (истеъмолнинг 100 фоизи), Қирғизистонда 2600 МВт (истеъмолнинг 100 фоизи)ни ташкил этган.
Шунингдек, Қозоғистон Ягона электр энергияси тизимида электр энергияси тақчиллиги билан боғлиқ вазият сақланиб қолаётганини маълум қилди.
“Конец света”
Жорий йилнинг 25 январь куни соат 11:00 ларда Ўзбекистоннинг қатор вилоятларида электр энергияси таъминоти узилди. Бунинг ортидан поездларнинг манзилга етиб бориш вақти кечиктирилди. Электрдаги узилиш сув таъминотини ҳам тўхтатиб қўйди.
Кейинроқ, қўшни мамлакатлар — Қозоғистон ва Қирғизистоннинг қатор ҳудудларида ҳам электр энергияси узилди. Ўзбекистонда эса барча аэропортлар фаолияти чекланди.
Ўзбекистон Энергетика вазирлигининг маълум қилишича, Қозоғистон Электр тармоғида катта авария бўлиши оқибатида Олма-ота, Чимкент, Тарас, Туркистон (вилоятларида) ва атроф ҳудудларида Электр энергия таъминотида ўчишлар юзага келган.
LiveБарчаси